Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 3 июль куни Тошкентнинг Чилонзор тумани саноат ва инвестициявий жозибадорлигини ошириш тўғрисидаги қарорни имзолади.

Ҳужжат билан Кичик ҳалқа йўли ва Бунёдкор шоҳ кўчаси, Чўпонота ва Чилонзор кўчалари оралиғидаги 5,5 гектар майдондаги «Бунёдкор» стадиони автотураргоҳида замонавий бизнес маркази қуриш лойиҳасини амалга ошириш тасдиқланди. Қиймати камида 200 млн доллар бўлган мажмуа 2023−2025 йилларда қурилиши режалаштирилган.

бизнес маркази, бунёдкор стадиони

Марказ меҳмонхона, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари, шунингдек, кўп қаватли уйлар ва кўп қаватли автотураргоҳни ўз ичига олади.

Вазирлар Маҳкамаси ва пойтахт ҳокимлигига 2023 йил охиригача лойиҳа ташаббускорларига ер участкаларини ажратиб бериш топширилди.

Қарор иловасидаги инвестиция лойиҳалари манзилли рўйхатида қиймати юқоридагига тўғри келадиган — 2 трлн 304 млрд сўм ёки қарийб 200 млн долларга тенг «Смарт-сити» лойиҳаси кўрсатилган. Шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати «Газета.uz»нинг лойиҳа тафсилотларига ойдинлик киритиш бўйича сўровига жавоб бермади.

«Смарт-сити» мажмуаси таркибига савдо маркази, меҳмонхона, бизнес-марказ, IT-марказ, кўп қаватли автотураргоҳ ва турар-жой мажмуаси кириши керак. Молиялаштириш манбалари 400 млрд сўм ташаббускорларнинг ўз маблағлари ҳамда 160 млн доллар хорижий инвестициялар ва кредитлардан иборат. Режага кўра, ишга тушириш санаси 2025 йил 30 декабрь.

Лойиҳа ташаббускори — 2019 йил 16 июлда рўйхатдан ўтган World Miral компаниялар гуруҳидир. Устав капитали 8,15 млрд сўм. У бир вақтнинг ўзида бир нечта бизнес йўналишлари — ишлаб чиқариш (маиший кимё, антисептиклар, дезинфекциялаш воситалари), консалтинг, қайта ишлаш, ташқи реклама, экспорт ва импортни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, истиқболли IT лойиҳалар билан шуғулланади.

Таъсисчиси — Мираббос Фарходович Асланов. Компания сайтида унинг давлат идораларида ва йирик корхоналарни бошқариш тизимида тажрибаси борлиги қайд этилган. Orginfo.uz сайти маълумотларига кўра, у бир қатор компаниялар — Ali-Baraka-Fayz (сабзавот етиштириш), Diganokim Solutions (совун ва ювиш воситалари ишлаб чиқариш, тозалаш ва сайқаллаш воситалари), All4U-Tourism (туроператорлик фаолияти) ва бошқаларга эгалик қилади.