Май ойида Ўзбекистонда бензин ишлаб чиқариш кескин камайди. Бу Статистика агентлигининг «Газета.uz» ўрганиб чиққан саноат ишлаб чиқариши бўйича маълумотларида акс этган.

Январь-май ойларида бензин ишлаб чиқариш 550,8 минг тоннани ташкил этди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 16 фоизга кўпдир. Шу билан бирга, ишлаб чиқариш йил бошидан буён 3 баравар камайди, пасайиш кетма-кет тўртинчи ой давом этмоқда: январь — 139,6 минг, февраль — 124,3 минг, март — 121,4 минг, апрель — 119,3 минг, май — 46,2 минг тонна. Таққослаш учун, ўтган йилнинг май ойида 92,7 минг тонна ёнилғи ишлаб чиқарилганди.

Йилнинг дастлабки беш ойида нефть қазиб олиш 327,6 минг тоннага етди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3,1 фоизга кўпдир. Май ойида ишлаб чиқариш 69,1 минг тоннагача ўсди, бу 2022 йилнинг майига нисбатан (70 минг тонна) озгина камроқ.

Дизель ёнилғиси ишлаб чиқариш 2022 йилнинг январь-май ойларига нисбатан 2,2 баробарга — 231,9 минг тоннадан 504,3 минг тоннагача ўсди. Агар январь ойида корхоналар томонидан 50,5 минг тонна дизель ишлаб чиқарилган бўлса, май ойида ишлаб чиқариш ҳажми 173,9 минг тоннага етди.

Бензин ишлаб чиқаришнинг қисқариши фонида Ўзбекистоннинг ушбу маҳсулот импортига қарамлиги ортди. Хусусан, йилнинг дастлабки беш ойида 76,2 фоизга кўпроқ — 852,4 миллион долларлик нефть ва нефть маҳсулотлари импорт қилинган. Шундан 230,7 миллион долларлик импорт биргина май ойининг ўзида амалга оширилган.

Январь-май ойларида Ўзбекистондан нефть ва нефть маҳсулотлари экспорти ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,1 баробарга ошиб, 91,5 миллион долларга етди.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон май ойида Россия нефтининг Ўзбекистонга транзитини апрель ойига нисбатан 1,7 баробарга ошириб, 14,2 минг тоннадан 23,7 минг тоннагача кўпайтирди, деб хабар берди «Казтрансойл» (КТО) матбуот хизмати Reuters сўровига жавобан. Шу билан бирга, июнь ойида Ўзбекистонга Россия нефтини етказиб бериш режаси 11,3 минг тоннагача қисқартирилади. 1 февралдан компания Россия нефтини ўз ҳудуди орқали Ўзбекистонга ташиш тарифини бир тонна учун 25,12 доллардан 27,9 долларга оширди.

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистонда газ қазиб олиш беш ой давомида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 9,8 фоизга камайган. Уни ишлаб чиқариш кетма-кет иккинчи ой камаймоқда — май ойида бу кўрсаткич 11,2 фоизга камайганди. Бунинг фонида эса Хитойга газ экспорти қиймат жиҳатидан кескин ошди.

«Газета.uz» аввалроқ табиий газ учун солиқ ставкалари 3 баробар, нефть ва газ конденсати учун 2 баравар камайтирилгани туфайли Ўзбекистон давлат бюджетига 2022 йилда ер қаъридан фойдаланганлик учун 538,1 миллиард сўм камроқ солиқ тушгани ҳақида ёзган эди. Шу билан бирга, ўтган йили газ қазиб олиш 4 фоизга, газ конденсати қазиб олиш эса 2,8 фоизга камайди. Нефть қазиб олиш эса атиги 1,8 фоизга ошди.