Ўзбекистонда 2023 йилнинг январь-май ойларида газ қазиб олиш ҳажми 19,86 миллиард куб метрни ташкил этди ва ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 9,8 фоизга ёки 2,15 миллиард куб метрга камайди. «Газета.uz» Статистика агентлигининг саноат ишлаб чиқариши бўйича маълумотларига эътибор қаратди.

Январь ойида 4,31 млрд куб метр (2022 йил январига нисбатан -7,5%), февралда 3,85 млрд (ўтган йилнинг февралига нисбатан -9%), мартда 4,16 млрд (-12,96%), апрелда 3,94 млрд (-8,1%) газ қазиб олинганди.

Май ойида қазиб олиш 3,6 млрд гача (-11,2%) камайди, бу ўтган йилнинг ноябрь ойидан бери энг паст ойлик қазиб олиш ҳажми ҳисобланади. Газ ишлаб чиқариш кетма-кет иккинчи ой пасаймоқда.

Йилнинг дастлабки беш ойида электр энергияси ишлаб чиқариш ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3,1 фоизга ёки 951,9 миллион кВт/соатга ўсди — 30,4 миллиард киловатт/соатдан 31,3 миллиард киловатт/соатгача.

Май ойида электр энергияси ишлаб чиқариш сўнгги йиллардаги рекорд даража — 7,3 миллиард кВт/соатга етди, бу ўтган йилнинг май ойига нисбатан 36,1 фоизга кўп ҳисобланади. Ўтган ойларда ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилги кўрсаткичлардан паст эди.

Қайд этиш керакки, март, апрель ва май ойлари учун электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича дастлабки маълумотлар Статистика агентлиги томонидан ўсиш томонига қараб қайта кўриб чиқилган. Уч ойликнинг дастлабки ва якуний ишлаб чиқариш маълумотлари ўртасидаги фарқ деярли 3,3 миллиард кВт/соатни ташкил этади. Энергетика вазирлиги Статистика агентлиги давлат-хусусий шериклик асосида қурилган станциялар (шу жумладан, қуёш фотоэлектр станциялари) кўрсаткичларини ҳисобга олмаслигини маълум қилди.

Ишлаб чиқарилган электр энергиясининг 85 фоиздан ортиғи газда ишлайдиган иссиқлик электр станцияларига тўғри келади.

Беш ой давомида иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш 7 фоизга, кўмир 4,1 фоизга, газ конденсати 8 фоизга камайди. Нефть қазиб олишнинг ўсиши 3,1 фоизгача секинлашди (январь-апрелда 6,7 фоизни ташкил этган).

«Газета.uz» аввалроқ табиий газ учун солиқ ставкалари 3 баробар, нефть ва газ конденсати учун 2 баравар камайтирилгани туфайли Ўзбекистон давлат бюджетига 2022 йилда ер қаъридан фойдаланганлик учун 538,1 миллиард сўм камроқ солиқ тушгани ҳақида ёзганди. Шу билан бирга, ўтган йили газ қазиб олиш 4 фоизга, газ конденсати қазиб олиш эса 2,8 фоизга камайди. Нефть қазиб олиш эса атиги 1,8 фоизга ошди.

Аввалроқ биз Ўзбекистон нефть-газ конларида қайси компаниялар ишлаётгани ҳақида батафсил маълумот бергандик. Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов «Озодлик» радиоси суриштирувига жавобан 294 та коннинг 118 таси «Ўзбекнефтгаз»га тегишли эканини, 176 тасида эса хорижий компаниялар ишлашини маълум қилганди.

2021 йил 1 январь ҳолатига кўра, энг катта тасдиқланган захиралар «Ўзбекнетфегаз» акциядорлик жамияти бошқарувида эди — 934,1 миллиард куб метр газ (жорий захираларнинг 50 фоизи). «Лукойл» 413,1 миллиард куб метр (22,1 фоиз), Uz-Kor Gas Chemical — 109,6 миллиард куб метр (5,9 фоиз), Surhan Gas Chemical — 106,6 миллиард куб метр (5,8 фоиз), Jizzakh Petroleum (ҳозирги Saneg) 84,9 миллиард куб метр (4,5%) газ захиралари бўлган конларда ишлаган. Ишлаб чиқаришнинг катта қисми ҳам «Ўзбекнефтгаз» ҳиссасига тўғри келган.