2022 йилда ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ тушумлари 1,92 триллион сўмга (169,5 миллион доллар) ёки 12,2 фоизга камайди. Бу ҳақда Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан эълон қилинган Давлат бюджети даромадларининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботда маълум қилинди.

Ўтган йилда ушбу солиқ бўйича давлат бюджетига 13,89 триллион сўм, 2021 йилда 15,81 триллион сўм, 2020 йилда 16,4 триллион сўм тушган. Шу билан бирга, олинган маблағ 2022 йил бошидаги прогноз кўрсаткичидан кўп бўлиб, 13,76 триллион сўмни ташкил этди.

Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ тушумларининг асосий қисми ёки 63,7 фоизи давлат улушига эга олтин ва мис қазиб олувчи корхоналар ҳиссасига тўғри келди.

Солиқ тушумларининг камайиши фойдали қазилмаларнинг айрим турлари бўйича солиқ ставкаларининг унификация қилиниши ва пасайтирилиши билан ифодаланади. Бу солиқ тўловчилар сонининг 263 тага ёки 1904 тадан 2167 тага кўпайишига қарамай содир бўлди.

«Ўтган йили табиий газ бўйича солиқ ставкалари 30 фоиздан 10 фоизга, нефть ва газ конденсати бўйича 20 фоиздан 10 фоизга туширилди. Шунингдек, 2022 йилдан солиқ базасини аниқлашда Netback (ортга ҳисоблаш) механизмининг жорий этилиши муносабати билан солиқ тўловчилар ихтиёрида 538,1 миллиард сўм қолдирилди», — дейилади хабарда.

Давлат улуши юқори бўлган корхоналар учун солиқ ставкалари қуйидагича белгиланади:

  • Навоий кон-металлургия комбинати (НГМК), Олмалиқ кон-металлургия комбинати (ОКМК): олтин учун 10%, палладий, кумуш ва мис учун 15%;
  • «Ўзбекнефтгаз»: нефть, табиий газ ва газ конденсати учун 15%;

Бундан ташқари, углеводородлар, қимматбаҳо, рангли, нодир ва радиоактив металларни ишлаб чиқарувчи давлат улуши устун бўлган корхоналар (НКМК, ОКМК ва «Ўзбекнефтгаз») учун мазкур ставкалар ишлаб чиқариш ишлари 2022 йил 1 январдан кейин бошланган ер қаъри участкаларига нисбатан қўлланади. Президент қарори билан улар учун ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқнинг юқорироқ ставкалари белгиланиши мумкин.

Юридик шахсларнинг мол-мулк солиғини ҳисоблашда солиқ солинадиган база янги нефть ва газ қудуқлари фойдаланишга топширилган ойдан бошлаб дастлабки икки йилдаги ўртача йиллик қийматда камайтирилади. Бу солиқ имтиёзининг амал қилиш муддати тугагач, янги қудуқларга уч йил давомида белгиланган ставканинг 50 фоизига камайтирилган солиқ ставкаси қўлланади.

Статистика агентлиги маълумотига кўра, 2022 йилда газ қазиб олиш 4 фоизга ёки 53,8 миллиард куб метрдан 51,6 миллиард куб метрга, газ конденсати 2,8 фоизга (1,29 миллион тоннагача) камайди. Нефть қазиб олиш бироз ошди — 774 минг тоннадан 787,8 минг тоннагача ёки 1,8 фоизга.

2022 йилда Ўзбекистон 910,9 миллион долларлик газ экспорт қилди. Хитой бунда асосий етказиб берувчи бўлди. Хитой томони 1,07 миллиард долларлик ўзбек гази импорти ҳақида маълумот берди, бу эса Ўзбекистон тақдим этган рақамлардан 159,5 миллион доллар ёки 18,2 фоизга кўп дегани. Статистика агентлиги буни божхона қийматини баҳолашнинг ўзига хос хусусиятлари ва товарларни ҳисобга олиш муддатларидаги фарқ билан изоҳлади. Шу билан бирга, Ўзбекистон Туркманистондан 281,9 миллион долларга (+82,5 фоиз) газ импорт қилди.

Бундан ташқари, солиқ ставкалари пасайтирилди:

  • қимматбаҳо ва рангли металлар бўйича — 10 фоиздан 7 фоизгача, давлат улуши устун бўлган корхоналар учун олтин бўйича — 15 фоиздан 10 фоизгача, бунинг натижасида олтин бўйича тушумлар 2,8 триллион сўмга камайди;
  • радиоактив металлар, нодир элементлар ва нодир ер элементлари учун — 10% дан 8% гача, вольфрам учун — 10,4% дан 2,7% гача;
  • металл бўлмаган қурилиш материаллари бўйича — ўртача 2 бараварга, натижада улардан олинган даромадлар ҳажми 55 миллиард сўмга камайди. Қум-шағал аралашмасини қазиб олиш ҳажми 2,5 миллион тоннага ошган бўлса-да, солиқ суммаси 45 миллиард сўмга камайди.

Цемент ишлаб чиқариш жараёнида кўмирдан фойдаланадиган заводлар томонидан оҳактош ишлаб чиқариш қарийб 10 баробар ошди. 2022 йилдан бошлаб цемент ишлаб чиқариш учун оҳактошга солиқ ставкаси 2 баравар камайиши билан солиқ тушумлари ҳажми 2021 йилга нисбатан 4,2 баробар ошиб, 34,1 миллиард сўмни ташкил этди.

Аввалроқ Ўзбекистон нефть ва газ конларида қайси компаниялар фаолият олиб бораётгани ҳақида батафсил ёзган эдик. Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов «Озодлик» радиоси суриштирувига жавобан Ўзбекистондаги 294 та нефть ва газ конининг 118 таси «Ўзбекнефтгаз»га тегишли бўлиб, 176 таси хорижий компаниялар томонидан бошқарилишини маълум қилганди.

«Газета.uz» бу бўйича 2021 йил 1 январь ҳолатига кўра маълумотларни эълон қилганди. Хусусан, тасдиқланган захираларнинг энг каттаси «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти томонидан бошқарилган — 934,1 миллиард куб метр газ (жорий захираларнинг 50 фоизи). «Лукойл» 413,1 миллиард куб метр газ (22,1%), Uz-Kor Gas Chemical — 109,6 миллиард куб метр (5,9%), Surhan Gas Chemical — 106,6 миллиард куб метр (5,8%), Jizzakh Petroleum (ҳозир Saneg) — 84,9 миллиард куб метр (4,5%).