Май ойида Ўзбекистон Хитойга табиий газ экспортини қиймат кўрсаткичида оширди. Бу ҳақда ХХР Божхона бош бошқармаси хабар қилди.

Бошқарма маълумотларига кўра, апрель ойида Ўзбекистон «зангори ёқилғи» экспортини қайта тиклаган ва 40,47 млн долларлик газ экспорт қилган. Май ойида етказиб бериш ҳажми 78,16 млн долларни ташкил этди. Икки ой давомида жами кўрсаткич 118,6 млн долларни ташкил этди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,5 баравар кам — 301,9 млн доллар. Буни январь-март ойларида Ўзбекистондаги энергетика инқирози фонида газ экспорти тўхтатилгани билан изоҳлаш мумкин.

Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Статистика агентлигининг маълум қилишича, май ойида газ экспортининг умумий ҳажми 83,6 млн долларни (йил бошидан — 201,5 млн доллар) ташкил этган. Газ етказиб бериладиган мамлакатлар географияси, шунингдек, етказиб беришнинг физик ҳажми кўрсатилмаган.

Йилнинг беш ойи давомида Ўзбекистонда газ қазиб олиш ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 9,8 фоизга пасайди. Қазиб олиш ҳажми кетма-кет иккинчи ой пасаймоқда — май ойида бу кўрсаткич 11,2% га камайди.

2022 йил охирида Ўзбекистон томони 910,9 млн долларлик газ экспорти ҳақида эълон қилган эди. Хитой томони эса 1,07 млрд долларга ўзбек гази импортини маълум қилди, бу Ўзбекистон маълумотларидан 159,5 млн доллар ёки 18,2 фоизга кўпдир. Энергетика вазири Журабек Мирзамахмудов Хитой туркман газининг транзитини ҳам ҳисобга олишини изоҳлади. Бизнинг ҳисоб-китобларимизга кўра, ҳатто буни ҳисобга олганда ҳам, статистика жуда фарқ қилиши мумкин.

Май ойи ўрталарида президент Ўзбекистонда газ ҳаракатининг ягона автоматлаштирилган тизимини жорий этиш тўғрисидаги қарорни имзолаган эди. Ҳужжатда 1 июлга қадар барча газ қабул қилиш ва таъминлаш пунктларида электрон ҳисоблагичларни ўрнатиш ва солиқ органларининг маълумотлар базаси билан интеграциялашувини якунлаш бўйича топшириқ берилди. Бундан ташқари, газ ва нефть шартномалари бўйича маълумотларни йиғиш тизими яратилади. Бунда ҳисоблагичларни ўрнатиш бўйича янги талаблар барча нефть ва газ конларининг ярмидан кўпига эгалик қилаётган хорижий компанияларга тааллуқли эмас.