18 июнь куни Остонанинг Дўстлик кўчасида жойлашган Kaspi банк филиалида номаълум қуролланган шахс бир неча кишини гаровга олди, деб хабар берди Tengrinews.kz нашри.

Қозоғистон Ички ишлар вазирлигинининг дастлабки маълумотларига кўра, эркак етти кишини гаровга олган. Банк маъмуриятининг аниқлик киритишича, уларнинг барчаси банк ходимлари бўлган, филиалда мижозлар бўлмаган.

Полиция эркак билан музокара олиб борган. Qumash нашрининг ёзишича, босқинчи банкнинг барча активларини ногирон болалар, камбағаллар ва муҳтожлар фондига ўтказишни талаб қилган. У ўз талабларини бажариш учун уч соат вақт берган, акс ҳолда гаровга олинганларни ўлдириш билан таҳдид қилган.

Орадан вақт ўтиб, полиция босқинчини ҳужум пайтида қўлга олгани маълум қилинди. Қайд этилишича, барча гаровга олинганлар озод қилинган ва уларнинг ҳеч бири жабрланмаган.