Президент томонидан 16 июнь имзоланган қонун [ЎРҚ-847-сон] билан айрим қонун ҳужжатларига норасмий бандликни қисқартиришга қаратилган ўзгартишлар ва қўшимча киритилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар қилди. Қонун Сенат томонидан 1 июнь куни маъқуллаганди.

Солиқ кодексига киритилган ўзгартиш ва қўшимчага кўра, шахсий томорқасида банд бўлган ёки мазкур майдонда, иссиқхона, паррандачилик, қуёнчилик, асаларичилик, балиқчилик, боғдорчилик, лимончилик, гулчилик билан шуғулланаётган томорқа ер эгалари ёки уларнинг оила аъзолари ернинг майдони ёки ҳайвон ва парранда сонидан қатъи назар ўзларига меҳнат стажини ҳисоблаши учун ихтиёрий равишда ижтимоий солиқ тўлаши мумкин.

Илгари ер 0,04 гектар, қорамол ёки 50 бош парранда бўлса ижтимоий солиқ тўлашга рухсат берилган.

Шу сабабли «Томорқа хўжалиги тўғрисида»ги Қонундан ер участкаси ва ҳайвонлар сонига қўйилган талаблар чиқариб ташланди.

Қайд этилишича, қонунни қабул қилиниши натижасида ижтимоий солиқ тўловида қўлланиладиган енгиллаштирувчи норма ҳисобига 2023 йилда 8,2 млрд сўм маблағ солиқ тўловчилар ихтиёрида қолиши, ёлланма ходимларга берилган енгиллик эвазига ЯТТларнинг ёлланма ходимларининг сони 50 минг нафарга етиши ва бюджетга қўшимча тарзда 21 млрд сўм маблағ тушиши кутилмоқда.