Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ), БМТ Болалар жамғарнаси (УНИCЕФ) ва Жаҳон банки Ўзбекистон президенти ҳузурида Миллий ижтимоий ҳимоя агентлиги ташкил этилганини олқишлайди. Пайшанба куни эълон қилинган қўшма баёнотда бу ҳақда сўз боради.

«Жаҳон миқёсида ва Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоя ислоҳотини қўллаб-қувватловчи етакчи ташкилотлар сифатида ишончимиз комилки, бу Ўзбекистоннинг ижтимоий ҳимоя соҳасидаги кун тартибини илгари суришда ҳамда бутун ҳаётлари давомида алоҳида шахслар ва оилаларнинг камбағаллик, заифлик ва ижтимоий четланишини камайтиришга ва олдини олишга қаратилган Миллий ижтимоий ҳимоя стратегиясини, шунингдек Ўзбекистоннинг миллий ривожланиш мақсадлари ва Барқарор Ривожланиш Мақсадларини амалга оширишдаги муҳим қадамдир», — дейилади баёнотда.

«Агентликнинг вазифалари қаторига аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш тизимининг комплекс ва ҳар томонлама чора-тадбирларини мувофиқлаштириш ва амалга ошириш, заифликнинг олдини олиш ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ҳимоя қилиш киради. Ташкил этилган Агентлик тарқоқлик, ижтимоий ҳимоя функцияларидаги бўшлиқларни бартараф этиш, тизим мониторинги ва баҳолашни кучайтиришда муҳим аҳамият касб этишига қатъий ишонамиз», — дея қайд этилди баёнотда.

Халқаро ташкилотлар томнидан агентлик болаларни ҳимоя қилиш ва ногиронлиги бўлган шахслар инкюзияси борасидаги устувор йўналишларга халқаро стандартлар ва меъёрларга мувофиқ равишда алоҳида эътибор бериши қувонарли экани эътироф этилди.

«Ушбу агентлик ваколатли орган сифатида ижтимоий таъминот ва ижтимоий хизматларни ўзида мужассамлаштирган ижтимоий ҳимоя сиёсатини ишлаб чиқишни, шунингдек бандлик сектори ва бошқа хизматлар билан ўзаро ҳамкорликни мувофиқлаштиришни таъминлайди. Умид қиламизки, Агентлик миллий ижтимоий ҳимоя сиёсатининг меъёрий асосларини белгилаб беради, алоҳида дастурларни ишлаб чиқишга раҳбарлик қилади ҳамда чора-тадбирларнинг амалга оширилишини далилларга асосланиб назорат қилган ҳолда уларнинг мувофиқлаштирилганини таъминлайди», -дея умид билдирилди.

«Агентлик доирасида Ўзбекистонда оилалар ва болалар фаровонлигига таъсир этувчи, узоқ давом этадиган ёки тўсатдан содир бўладиган зарба ва инқирозларга мослашувчи ва тезкор жавоб берадиган, уларнинг чидамлилигини мустаҳкамлайдиган ижтимоий ҳимоя тизимини яратиш учун улкан имкониятларни кўрмоқдамиз», — дея қайд этилди баёнотда.

«ХМТ, ЮНИCЕФ ва Жаҳон банки мамлакатда барчанинг манфаати йўлида ижтимоий ҳимояни ривожлантириш учун Ўзбекистон ҳукуматини бундан кейин ҳам қўллаб-қувватлашга тайёр», — дея таъкидлади учта ташкилот.

Агентлик ташкил этилгунгача бўлган олис йўл

Маҳаллий экспертлар ва халқаро ташкилотлар аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш учун масъул ягона идора яратиш зарурлиги ҳақида узоқ йиллардан буён гапириб келмоқда. Ижтимоий ҳимоя қилиш функциялари шу пайтгача бир қанча вазирлик ва идоралар ўртасида тақсимлангани бу борадаги ишлар самарадорлигини пасайтирди. 2019 йилда 2022 йилгача ижтимоий ҳимояга масъул вазирликни ташкил этиш режалари эълон қилинди.

Бир йил аввал давлат бошқарувини модернизация қилиш ва институционал ислоҳотлар соҳаси мутахассиси Азиза Умарова «Газета.uz» «Мавжуд бўлмаган энг муҳим давлат органи» сарлавҳали мақоласида Ўзбекистон зудлик билан янгиланган ижтимоий ҳимоя тизимига муҳтожлиги ҳамда эҳтиёжмандлар билан ишлайдиган профессионал кадрларни тайёрлаш зарурлиги ҳақида ёзган (рус тилида — таҳр.) эди. 2018 йилда биз унинг «Одамлар учун ислоҳотлар» мақоласини эълон қилдик, унда ҳам самарали ижтимоий ҳимоя тизимини таъминлаш учун ягона мувофиқлаштирувчи орган зарурлиги таъкидланган эди.

Шавкат Мирзиёев 30 май куни ЎзЛиДеП партияси съездида президентликка номзод сифатида сўзга чиқиб, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигини ташкил этиш таклифини маълум қилди.

1 июнь куни эса Шавкат Мирзиёев Мансурбек Оллоёровни президентнинг ижтимоий ҳимоя масалалари бўйича маслаҳатчиси — Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори этиб тайинлаш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Агентликнинг ташкил этилиши ҳақидаги ҳужжат эса ҳозирча интернетда эълон қилингани йўқ.