Ўзбекистон президентининг тегишли фармони билан Мансурбек Полвонзода Оллоёров президентнинг ижтимоий ҳимоя масалалари бўйича маслаҳатчиси — президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори лавозимига тайинланди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.

Бунга қадар Мансурбек Оллоёров президент Администрацияси Ҳуқуқий экспертиза ва комплекс таҳлил қилиш департаменти раҳбари ўринбосари лавозимида фаолият кўрсатиб келаётган эди.

Сешанба куни ЎзЛиДеПдан президентликка номзод Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди дастурида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилиши ҳақида эълон қилган эди. Унинг сўзларига кўра, ижтимоий соҳани ислоҳ қилиш бўйича ишларни мувофиқлаштириш мақсадида ҳозирда 6 та вазирликка тарқоқ бўлган барча ижтимоий хизматлар бирлаштирилади. Агентлик ходимларининг камида 10 фоизи ногиронлиги бўлган шахслар орасидан ишга қабул қилинади.