29 май куни Тошкентда бўлиб ўтган «Адолат» социал демократик партиясининг XI қурултойида партия етакчиси Робахон Маҳмудовани президентликка номзод этиб тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилинди. Қолаверса, қурултойда унинг 9 июль куни бўлиб ўтадиган навбатдан ташқари президентлик сайлови бўйича дастури тасдиқланди.

«Адолат» партияси Робахон Маҳмудовани 12 май куни номзод сифатида кўрсатганди. Шундан сўнг партия сайловда иштирок этиш учун Марказий сайлов комиссиясига ҳужжатларини тақдим этиб, рухсат олган.

Номзод сайловолди дастурида Ўзбекистон тараққиёти йўлида ҳуқуқий демократик, ижтимоий давлат ва барча учун фаровонлик таъминланган адолатли фуқаролик жамияти қуришнинг социал-демократик моделини таклиф этди. Дастурда, хусусан, жамият ва давлат ҳаётининг барча жабҳаларида ҳар бир инсоннинг фаровон ҳаёт кечириши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, ижтимоий адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш ғояси илгари сурилган. Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг эркинлик, имкониятлар тенглиги, адолатлилик, бирдамлик, ижтимоий ҳимоя ва масъулият тамойиллари ҳукмронлик қиладиган, инсонларнинг кескин табақаланишига йўл қўйилмайдиган кучли ижтимоий давлат сифатида, аҳолининг юқори турмуш даражасига эга ривожланган давлатлар қаторига қўшилишига эришиш каби вазифа ва мақсадларга алоҳида эътибор қаратилган.

Робахон Маҳмудованинг сайловолди дастури 10 та йўналишдан иборат. Хусусан, ҳуқуқий давлат қуриш, ижтимоий адолатни қарор топтириш, миллий иқтисодиётнинг барқарор ўсишини таъминлаш, илм-фан, инновациялар ва таълим соҳасининг барқарор ривожини кафолатлаш, аҳоли саломатлигини кучайтириш, жамият барқарор ривожланишини таъминлаш, экология ва атроф-муҳитга эътиборни кучайтириш, фуқаролик жамияти, аёл ва оиланинг жамиятдаги ўрнини кучайтириш, юксак маънавиятли жамият барпо этиш, тинчликсевар, адолатли ва прогрессив ташқи сиёсат олиб бориш каби вазифалар шулар жумласидан.

Шунингдек, номзод дастуридан инсон ҳуқуқларини таъминлаш учун янги имкониятлар яратиш, қонунларни тўғридан-тўғри ишлайдиган механизмлар билан қабул қилиш каби вазифалар ўрин олган.

Номзод сайловолди дастурида фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва бу йўналишда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича «Ижтимоий давлат — 2030» дастурини ишлаб чиқиш, шунингдек, «Тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажми тўғрисида»ги қонун қабул қилиш зарурати каби таклифларни илгари сурди.

Номзод дастурида қишлоқ хўжалиги бўйича ҳам бугунги кунда эътибор қаратиш керак бўлган йўналишлар хусусида таклифлар илгари сурилди. Жумладан, ишлаб чиқаришни илмий асосда ташкил этиш, фан ва амалиётнинг ўзаро уйғунлигини таъминлаш, яқин келажакда Ўзбекистоннинг аграр соҳадаги улкан имкониятларини рўёбга чиқариш, қишлоқ иқтисодиётини инновацион ривожлантириш ва давлат томонидан қўллаб-қувватлаш кўламини кенгайтириш, соҳани суғурталашнинг янги механизмларини амалга ошириш ҳамда ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, жумладан «Қишлоқ хўжалиги таваккалчиликларини суғурталаш тўғрисида»ги қонунни қабул қилиш каби бир қатор таклифларини берди.

Шунингдек, партия номзоди йўл инфратузилмасини яхшилаш, йўлсозлик соҳасида бажарилаётган ишларнинг сифати устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш, бу соҳада илмий тадқиқотлар ютуқларидан кенг фойдаланиш ҳамда олимларни рағбатлантириш тизимини йўлга қўйишни таклиф қилган.

Қолаверса, у сайловолди дастурида «Рақамли иқтисодиётда аҳоли бандлигини таъминлаш концепцияси — 2030» дастурини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш зарур деб ҳисоблашини қайд этиб ўтди. Мамлакатнинг саноат салоҳиятини ошириш мақсадида «Кичик саноат зоналари тўғрисида»ги қонунни қабул қилиш зарурияти ва давлат бюджети даромадлари ва харажатларининг шаффофлигини таъминлаш, бунда барча жараёнларни рақамлаштириш кераклигини таъкидлаб ўтилди.

Қурултойда қатнашчилар президентликка Маҳмудова Робахон Анваровнанинг номзодини кўрсатиш ҳақидаги таклифни ва номзоднинг режаларини қўллаб-қувватлади.

Эслатиб ўтамиз, душанба куни Халқ демократик партиясининг XIII қурултойида партия етакчиси Улуғбек Иноятовни президентликка номзод этиб тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилинган.