29 май куни Тошкентда бўлиб ўтган Халқ демократик партиясининг XIII қурултойида партия етакчиси Улуғбек Иноятовни президентликка номзод этиб тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилинди. Қурултойда, шунингдек, номзоднинг 9 июль куни бўлиб ўтадиган навбатдан ташқари президентлик сайловлари бўйича дастури тасдиқланди.

Партия 12 май куни Улуғбек Иноятовни президентликка номзод сифатида кўрсатганди. Шундан сўнг партия сайловда иштирок этиш учун Марказий сайлов комиссиясига ҳужжатларини тақдим этиб, рухсат олган.

Номзод дастуридан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистонда ижтимоий адолат, ижтимоий тенглик ва халқ ҳокимиятчилиги мезонларига мос келадиган демократик ижтимоий давлатни барпо этиш, дейилади хабарда.

Дастурда давлат ва жамиятни ривожлантириш, ҳуқуқлар ва имкониятлар тенглигини таъминлаш, кучли ижтимоий сиёсат юритиш йўналишларида 100 га яқин таклиф ва ташаббус илгари сурилган.

Хусусан, пенсия тизимини такомиллаштириш, «Энг кам истеъмол харажатларини белгилаш тартиби тўғрисида»ги, «Кўп квартирали уйлар ва бошқа кўчмас мулк обектларини улуш қўшган ҳолда қуришда иштирок этиш тўғрисида»ги, «Уй-жой қурилишини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги қонунларни қабул қилиш режалаштирилган. Тиббий хизматларни рақамлаштириш, мактаблар ўқув дастурларида чет тиллар ва IT бўйича ўқув соатларини кескин кўпайтириш, «мактаб солиғи»ни жорий этиш, ижара компенсация тизимини докторантларга нисбатан ҳам жорий этиш, пенсионерларнинг ҳаёт даражасини яхшилаш, уларнинг ижтимоий фаоллигини кучайтириш каби ташаббуслар ҳам илгари сурилган.

сайлов-2023, улуғбек иноятов, хдп

Бундан ташқари, дастур «барқарор тараққиёт ва ижтимоий фаровонлик асоси сифатида» ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётини шакллантириш мақсадида иқтисодиётда давлатнинг фаол роли ва иштирокини сақлаб қолишни назарда тутади. Номзод маҳаллий инвесторларга хорижий инвесторлар билан бир хил имтиёзлар бериш, қимматбаҳо мол-мулк учун солиқ жорий этиш, Интернет, ижтимоий тармоқлар орқали тижорий фаолият, реклама билан шуғулланаётганлар даромадларини солиққа тортиш ва бошқаларни кўзламоқда.

Номзод дастурида қонун устуворлигини, тенглик ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш гарови сифатида суд-ҳуқуқ ислоҳотларига ҳам эътибор қаратилган. Жумладан, вилоят, туман (шаҳар) судлари раисларини ҳар йили ротация қилиш, одил судловни амалга оширишда ҳакамлар ҳайъати институтини жорий қилиш, соҳавий назорат органлари (инспекциялар) фаолиятини кучайтириш, фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари амалга оширилишида жамоатчилик назорати ва меҳнат инспекциясининг ролини ошириш таклиф этилмоқда.

Дастурда «очиқлик ва миллий манфаатлар устуворлигига асосланган конструктив ташқи сиёсат» масаласига ҳам эътибор қаратилган. Бу йўналишда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ҳужжатларга қўшилиш, Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, жамоатчилик назоратини кучайтириш каби таклифлар илгари сурилмоқда.