Сингапур президенти Самарқандга поездда борди

Сингапур президенти Ҳалима Яқуб Afrisoyob поездида Самарқандга етиб борди. Унга Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова ҳамроҳлик қилмоқда.

Алкоголь ва тамакини сотиш ёши оширилди, мактаб ва дўконлар орасидаги масофаси эса қисқарди

Президент алкоголь ва тамаки маҳсулотлари истеъмолини чеклаш тўғрисидаги қонуннинг янги таҳририни имзолади. Қонун билан ушбу маҳсулотларни 21 ёшгача бўлганларга сотиш тақиқланди. Мактаблардан дўконларгача бўлган масофа 100 метргача қисқартирилди. Электрон сигаретларни тартибга солиш бошланади.

Тошкентдаги хонадонлардан бирининг балконидан Украина байроғи олиб ташланди

Тошкентлик фуқаро квартираси балконига Украина байроғини илиб қўйган эди. У йўқлигида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари кран билан 8-қаватга кўтарилиб, байроқни олиб ташлашди. «Газета.uz» хонадон эгаси билан суҳбатлашди. У уй-жой дахлсизлиги бузилгани юзасидан ИИБга мурожаат қилмоқчи.

Тошкентда 21 ёшли йигит жанжал сабабли акасини пичоқлаб ўлдирди

Миробод туманида 21 ёшли йигит жанжал сабабли акасининг кўкрак қафасига пичоқ уриб, уни ўлдирди. Воқеа жойидан яширинган гумонланувчи ушланган ва тергов олиб борилмоқда.

Марказий банк 3 та тўлов ташкилотининг лицензиясини қайтариб олди

МБ 3 та тўлов ташкилотининг лицензиясини қайтариб олди. Улар орасида тадбиркор Хуршид Тўраевнинг TAPP Payment компанияси ҳам бор, у билан «Алоқабанк» ва Рақамли ривожланиш вазирлигининг офис биноларини сотиб олиш бўйича келишув аввалроқ бекор қилинганди.

Қашқадарёда икки хотин билан бир уйда яшаган 21 ёшли йигит 4 йилга уй қамоғига ҳукм қилинди

Қарши шаҳрида 21 ёшли йигит 2004 ва 2006 йилларда туғилган қизлар билан умумий рўзғор асосида эр-хотин бўлиб яшаб келгани учун 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинди.

ЖССТ раҳбарига «Ўзбекистон соғлиқни сақлаш аълочиси» кўкрак нишони берилди

ССВ раҳбари Амрилло Иноятов ЖССТ раҳбари Тедрос Гебрейесусга «Ўзбекистон соғлиқни сақлаш аълочиси» кўкрак нишонини топширди. Улар Женевада ўтаётган Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеяси сессияси доирасида учрашди.

Тошкентда чиқинди мойни қайта ишлаш заводидаги ёнғинни ўчиришга 8 та экипаж жалб қилинди

Тошкентдаги чиқинди мой маҳсулотини қайта ишлаш заводида тунда кучли ёнғин содир бўлди. Воқеа жойига 8 та ёнғин-қутқарув экипажи юборилган. Қурбонлар йўқ.

АҚШнинг Air Products компанияси Қашқадарёдаги газ-кимё мажмуасини ривожлантиришга 1 млрд доллар сармоя киритади

Ўзбекистон ҳукумати ва Air Products ўртасида Қашқадарё вилоятидаги Uzbekistan GTL заводи таркибида саноат газини қайта ишлаш заводини ривожлантириш бўйича 1 миллиард долларлик сармоявий битим имзоланди.

«Ҳар бир мактаб битирувчиси меҳр ва эътиборда бўлади» — президент

Ўзбекистон президенти мактаб битирувчиларига йўллаган табригида уларнинг ҳар бири «эл-юртнинг меҳр ва эътиборида бўлишини» таъкидлади. У ёшларни «тинимсиз ўқиб, замонавий билимларни эгаллашга, мунтазам тажриба оширишга ва мақсад сари дадил ҳаракат қилишга» чақирди.

«Газета.uz»да эълон қилинган мақола ва репортажлар:

2023 йил битирувчиларига мурожаат

Вазирлар, муфтий, Элдор Шомуродов, Конста, Дониёр Ғаниев, ҳоким, дипломатлар, экспертлар, санъаткорлар, спортчилар ҳамда жамоатчиликнинг бошқа фаоллари 2022/2023 ўқув йили битирувчиларига ўз маслаҳатлари ва тилакларини билдиришди. «Газета.uz» уларни эътиборингизга ҳавола қилади.

«Вальс, кўзлардаги ёш, катта ҳаётга илк қадам». Мактабларда сўнгги қўнғироқ чалинди

25 май куни Ўзбекистондаги 10 мингдан кўпроқ мактабда жами 392 минг ўқувчи учун қўнғироқ охирги марта чалинди. Қадрдон дўстлар ва устозлар билан хайрлашув, концерт, вальс, кўзлардаги ёш — «Газета.uz» мактаблардаги сўнгги кундан фоторепортаж тайёрлади.

Мирзиёев қатнашган оилавий маросим, ичимлик чиқара бошлаган нон комбинати, «кўзбўямачиликка хотима берилсин». Ўзбек матбуоти 25 майда нималар ҳақида ёзган?

90 йил аввал ўзбекистонликлар қандай фильм ва спектаклларни томоша қилишган? 60 йил аввал-чи — телевизорни соат нечада ёқишган? 30 йил аввал серёғин майдаги сел ва тошқинлардан жабрланган андижонликларга қандай ёрдам кўрсатилган? Бу ҳақда «Газета.uz»нинг «Эски газеталар шарҳи» рукнида ўқинг.