Тошкент шаҳри Миробод туманида 24 май куни 21 ёшли йигит акасини пичоқлаб ўлдирди. Бу ҳақда «Газета.uz»га Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.

Шу куни соат тахминан 00:30 да 2002 йилда туғилган О.Ш. «Ойбек» метро бекати атрофида ўзаро келиб чиққан жанжал сабабли акаси — 1998 йилда туғилган О.Л.нинг кўкрак қафаси олди қисмига ўткир тиғли пичоқ билан бир маротаба уриб, қасддан ўлдирган. Шундан сўнг у воқеа жойидан яширинган.

Ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми (Қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилди. Гумонланувчи шахс процессуал тартибда ушланган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълумот учун, юқорида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.