Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мактаб битирувчиларига табрик йўллади. 25 май куни мамлакатдаги 10 мингдан ортиқ мактабда «Сўнгги қўнғироқ» янграйди. Жорий йилда 392 минг нафарга яқин ўғил-қиз мактабни тамомламоқда.

«Барчангизни етуклик шаҳодатномасини қўлга олиб, мустақил ҳаётга қадам қўяётганингиз билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман», — деди давлат раҳбари.

«Сизларни замонавий таълим олиб, касб-ҳунар ўрганиб, жамиятимизда муносиб ўрин эгаллашингиз учун янгиланган Конституциямизда белгиланган беқиёс имкониятлар кутмоқда», — деди у.

«Ҳеч шубҳасиз, ўз билим ва истеъдодини ватанимизга муносиб фарзанд бўлишдек мақсадларга сарфлашга бел боғлаган сиз каби ёшлар — янги Ўзбекистоннинг олтин фонди, бебаҳо хазинасидир», — деди президент.

Шавкат Мирзиёев «бугун ватан тараққиётида миллий юксалиш даври бошланганини» таъкидлаб, таълим соҳаси ривожига оид қатор рақамларни келтирди: ўтган йили 807 та мактаб қурилиб, таъмирланди, 40 минг дона замонавий компьютер, 442 та комплект робототехника жиҳозлари ва бошқа зарур ашёлар етказиб берилди. Республикада 210 та олий ўқув юрти, 330 та касб-ҳунар мактаби, 400 га яқин коллеж ва техникумлар, 154 та университетда масофавий таълим йўлга қўйилган ва 15 та университет — масофавий таълим, мономарказлар, IT ва технопарклар ташкил этилган. Уларда ёшлар замонавий касб-ҳунарларни эгаллаб, тадбиркорлик фаолиятини ўрганмоқда.

«Бугун мактабни тугатиб чиқаётган йигит-қизларимизнинг ҳар бири эл-юртимизнинг меҳри ва эътиборида бўлади», — деди президент.

«Сиз, азиз фарзандларимизни келажакда янада улкан ва масъулиятли марралар кутмоқда. Ҳар бирингиз ҳаётда муносиб ўрнингизни топишингиз учун биз бундан кейин ҳам бор куч ва имкониятларни тўлиқ ишга соламиз», — деди у.

«Мен сиз, азиз фарзандларимдан бир нарсани сўрайман: тинимсиз ўқиб, изланиб, замонавий билимларни эгаллашдан асло тўхтаманг! Доимо вақтнинг қадрига етиб, мунтазам билим ва тажрибангизни ошириб борсангиз, қатъий белгилаб олган режа ва мақсадларингиз сари дадил ҳаракат қилсангиз, албатта, келгусида катта муваффақиятларга эришасиз», — деди Шавкат Мирзиёев.