Тарих — ҳаёт такрорлардан иборат экани ҳақида сабоқ берувчи энг яхши устоз; ҳар кунлик бу сабоқлардан доим ҳам вақтида ва тўғри хулосалар чиқарилмаса-да, тарих барибир энг яхши устозлигича қолаверади.

Ўзбекистон ва жаҳоннинг бундан 90, 60 ва 30 йил аввалги манзарасига ўзбек матбуоти кўзи билан имкон қадар назар солиш ҳам қизиқ, ҳам фойдали кўринади. Бундан ўн йиллар аввал айнан бугунги санада нималар бўлган, давр матбуоти уларни қандай ёритган, жамоатчиликнинг муносабати қандай эди — барини «Эски газеталар шарҳи» рукни орқали кузатиб бориш мумкин.

1933 йил 25 май

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг бундан 90 йил аввалги сонида эълон қилинган бош мақола сарлавҳаси шундай: «Кўзбўямачиликка узил-кесил хотима берилсин». Бунда пахта экиш давридаги кўзбўямачиликлар ҳақида сўз боради. Мақолада, жумладан, шундай дейилади: «Кўзбўямачилик биз учун жуда қимматга тушади. Кўзбўямачилик — бизнинг пахта учун курашимизга катта зарба беради. Ҳар хил ёлғон рапортлар ва сводкалар билан партияни ва ҳукуматни алдовчи кўзбўямачилар пахта учун курашни бўшашиб кетишига, ўринсиз хотиржамлик кайфиятининг пайдо бўлишига сабабчи бўладилар».

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1933 йил 25 май сонидан лавҳа«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1933 йил 25 май сонидан лавҳа

Газетанинг бу сонидаги асосий мавзулардан яна бири — хотин-қизларни қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилишга доир. Комил Алиев ва Ҳасан Иззатийнинг Молотов (ҳозирги Учкўприк) тумани колхозчи хотин-қизлар слётидан тайёрланган «Аёллар меҳнатига эътиборсизлик — чопиқни орқага силташдир» репортажида бир колхозчи хотиннинг тилидан шундай иқтибос келтирилади:

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1933 йил 25 май сонидан лавҳа«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1933 йил 25 май сонидан лавҳа

«Райондаги 150 колхоздан 40 тасидагина болалар яслиси ва боғчаси очилган, холос. Бу ҳол хотин-қизларнинг ёппасига чопиқ, ўтоқ ва умуман дала ишларига қатнашувига халал бўлиб тушаётир… Иккинчи томондан, очилган ясли ва боғчаларнинг аҳволи жуда ёмон. Таъминот идоралари бунга қарамайдилар. Яслилар ифлос сақланади, улар устидан раҳбарлик йўқ».

Нарпай туманидаги «Қизил Нарпай» газетасининг босмахонаси ишчиси Мамадов номидан эълон қилинган хабар эътиборга молик: «Босмахона мудири Антоновнинг доим ичкилик ичиб, 36 кун ишга келмаганлиги ва босмахонага тегишли бўлган 1000 сўм ақчани барбод эткани учун ишдан ҳайлаб, қонуний чора кўриш учун жиноий иши район прокурорига ўтказилган эди. Лекин прокурорликдаги айрим шахслар, ойлаб ватқ ўтса ҳам, айбдорни жавобгарликка тортгани йўқ. Прогулчи ва жиноятчининг ишини папка ичига солиб, димлаб қўйиш — унга муросачилик кўрсатишнинг айни ўзидир. Бу ярамас ҳолга қарши район партия ташкилотларининг кескин кураш очишини кутамиз».

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1933 йил 25 май сонидан лавҳа«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1933 йил 25 май сонидан лавҳа

1933 йилда одамлар нималар кўришган? Масалан, Мирмуҳсин номли ёзги театрда 26−27 май кунлари «қосимовчилик иши»га бағишланган «Тарих тилга кирди» деган спектакл намойиши режалаштирилган. «Свердлов» театрида «Кречинскийнинг тўйи», «Ҳалима» каби спектаклларни томоша қилиш мумкин. Кинода эса «Гигантлар кураши», «Зорронинг ўғли» каби 1920 йилларнинг фильмлари билан бир қаторда «Горизонт» номли 1933 йил картиналарини ҳам кўриш мумкин.

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1933 йил 25 май сонидан лавҳа«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1933 йил 25 май сонидан лавҳа

Дарвоқе, яна бир муҳим мавзу эътибордан четда қолибди — пилла. «Пиллани мўл олайлик» деган умумий сарлавҳа остида пилла тайёрлаш жараёни ҳақидаги хабар ва материаллар берилган. Уларнинг бирида «баъзи районларда ипак қурти орасида сариқча касали пайдо бўлиб, қуртларни ўлдираётгани» таъкидланади. «Бу касалга қарши район ипак идоралари жиддий курашмасдан, парвосизлик қилаётирлар. Ўзбекистон ипак идораси бу касал билан кураш учун битта мутахассисни Қўқон атрофига юбориш билан хотиржам бўлиб турмоқда».

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1933 йил 25 май сонидан лавҳа«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1933 йил 25 май сонидан лавҳа

1963 йил 25 май

Республика газеталарининг 1963 йил 25 май сони шу кунгача СССРда ташриф билан бўлиб турган Куба етакчиси Фидель Кастро иштирокида Москвада ўтказилган тадбирлар тафсилотлари билан тўла. Хусусан, ўзи тўрт саҳифа чиқадиган «Қизил Ўзбекистон»нинг уч ярим бети Совет Иттифоқи ва Куба раҳбариятларининг учрашувлари ҳақидаги материаллар, уларнинг нутқлари билан тўлдирилган.

Бу материаллар орасида Фидель Кастрога Совет Иттифоқи қаҳрамони унвонини бериш тўғрисидаги СССР парламенти фармонидан кўчирма ҳам бор. Саҳифаларни асосан СССР раҳбари Никита Хрушчёв ва Куба етакчиси Фидель Кастронинг нутқлари эгаллаган. Кастро ўз нутқида АҚШнинг Кубага қарши қаратилган иқтисодий агрессияси биринчи галда америкаликларнинг ўзига қимматга тушаётганини таъкидлаган.

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1963 йил 25 май сонидан лавҳа«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1963 йил 25 май сонидан лавҳа

«Америка халқи бизнинг тамакимиз сингари маҳсулотлардан маҳрум қилиб қўйилган. Бизнинг тамакимиз сифатига тенг келадиган тамакини жаҳон бозоридан топиб бўлмайди. Жаҳон бозорида қанднинг нархи жуда ошиб кетганлиги сабабли Америка халқи қанд сотиб олмоқ учун бу йил бир миллиард долларга яқин ошиқча ҳақ тўлашга мажбур бўлади. АҚШ Куба қандига қарши найранглар ишлатганлиги жаҳон бозорида қанд нархининг мана шундай ошиб кетишига кўп жиҳатдан сабаб бўлди. Америка халқининг ўзи ақлга сиғмайдиган бундай сиёсатнинг қурбони бўлмоқда», — деган Кастро.

Газетанинг фақат 4-саҳифаси «ертўласи»дагина Ўзбекистонга оид материалларга жой топилган. У ҳам бўлса пилла ҳақида. Масалан, Бухоро вилояти пиллакорлари давлат планини муддатидан илгари — 24 майда бажаргани ҳақида вилоят раҳбари Матчоновнинг ахбороти берилган. Андижон тумани пиллачилари ҳам пландаги 482 тонна ўрнига 485, Поп туманидагилар эса 248 тонна ўрнига 257 тонна пилла топширгани маълум қилинган.

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1963 йил 25 май сонидан лавҳа«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1963 йил 25 май сонидан лавҳа

1963 йили одамлар экран орқали нималарни томоша қилишган? Кундузи — театр ва кино, телевизор эса — 18:00 дан. Кинотеатрлар ҳам кўп, таклиф этилаётган кинокартиналар хилма-хиллиги ҳам алоҳида эътиборга молик.

1993 йил 25 май

Барча марказий газеталарнинг муқовалари Ўзбекистонга келган Ҳиндистон бош вазири Нарасимха Раонинг ташрифи тафсилотларига, ҳиндистонлик меҳмонларнинг интервьюларига ажратилган. Бундан бошқа яна қайси мавзу долзарб? Тошқинларга сабаб бўлаётган ёғингарчиликлар, албатта. «Ўзгидромет» бошлиғи Раиса Шодиеванинг «Тошкент оқшоми»га маълум қилишича, май ойи давомида Тошкентда ва бошқа бир қатор вилоятларда ёғингарчиликларнинг бир-икки ойлик, айрим жойларда ҳатто уч ойлик миқдоригача ёғган.

«Тошкент оқшоми» газетасининг 1993 йил 25 май сонидан лавҳа«Тошкент оқшоми» газетасининг 1993 йил 25 май сонидан лавҳа

Бунинг оқибатида табиий офатлар келиб чиққан. Масалан, Андижондаги тошқинлар оқибатида Марҳамат ва Асака туманларидаги хўжаликлар айниқса кўп зарар кўрган; вилоятнинг талофат кўрган қишлоқлари аҳолисига республика захирасидан ун, гуруч, шакар ва бошқа озиқ-овқат юборила бошлаган, ҳар бир оилага 10 минг сўмдан пул ажратилган. Фарғонанинг Қува туманида 18 май куни кузатилган сел тошқинлари оқибатида 110 та хонадон сув остида қолган, 260 дан ортиқ уй табиий офатдан зарар кўрган.

«Халқ сўзи» газетасининг 1993 йил 25 май сонидан лавҳа«Халқ сўзи» газетасининг 1993 йил 25 май сонидан лавҳа

Шайхонтоҳур туманидаги Большевик кўчасининг номи Тожи Расулов деб қайта номланиши муносабати билан Тожи Расуловнинг шу кўчада истиқомат қилувчи фарзандлари хонадонида маросим бўлиб ўтган. «Тошкент оқшоми»нинг хабар беришича, унда Шайхонтоҳур тумани ҳокими Атҳам Миржалилов, Мирзо Улуғбек тумани ҳокими Шавкат Мирзиёев, «Янгиобод» маҳалла фуқаролари ҳамда Тожи Расулов туғилиб ўсган Сурхондарё вилояти Шеробод туманидан меҳмонлар иштирок этган.

«Тошкент оқшоми» газетасининг 1993 йил 25 май сонидан лавҳа«Тошкент оқшоми» газетасининг 1993 йил 25 май сонидан лавҳа

«Тошкент ҳақиқати» газетасининг 25 май сонида босилган хабарга кўра, Чиноз нон коминатида ишлаб чиқарилаётган минерал сувга «Шифобахш сув» деб ном берилган. Таъкидланишича, нон комбинатида чиқарилган «шифобахш сув харидорларга манзур бўлмоқда».

«Тошкент ҳақиқати» газетасининг 1993 йил 25 май сонидан лавҳа«Тошкент ҳақиқати» газетасининг 1993 йил 25 май сонидан лавҳа

Дунёда нима гап? Дунё харитасида яна бир давлат — Эритрея пайдо бўлди.

«Тошкент оқшоми» газетасининг 1993 йил 25 май сонидан лавҳа«Тошкент оқшоми» газетасининг 1993 йил 25 май сонидан лавҳа

Дарвоқе, пилла мавзуси яна эсдан чиқибди. «Халқ сўзи»нинг хабар беришича, Сурхондарёнинг Ангор тумани «Ўзбекистонда биринчи бўлиб йиллик пилла тайёрлаш режасини бажардилар». «Бу йил пиллага тўланадиган ҳақнинг беҳад зиёдалиги хирмон салмоғининг ҳар қачонгидан ҳам ошишида асосий омил бўлди», — дейилади хабарда.

«Халқ сўзи» газетасининг 1993 йил 25 май сонидан лавҳа«Халқ сўзи» газетасининг 1993 йил 25 май сонидан лавҳа