Ўзбекистон транспорт вазири Илҳом Маҳкамов шанба куни Тошкентга катта ва жуда катта сиғимли янги автобусларни қабул қилиш маросимида сўзлаган нутқида президент Шавкат Мирзиёевнинг 1000 та автобус сотиб олиш ҳақидаги «кучли, сиёсий қарори»ни қайд этди.

«Ҳамма шаҳар ҳам қила олмайди»

Дунёнинг ҳамма шаҳри ҳам бир вақтнинг ўзида бундай кўп сонли автобус ва электробусларини сотиб олиши билан мақтана олмайди, айниқса, электробуслар автобуслардан икки баравар қиммат эканини ҳисобга олсак, деди у. Президентнинг февралдаги қарорига кўра, майгача Хитойдан пойтахтга узунлиги 12 метр бўлган 700 та катта сиғимли автобуслар, жумладан, 200 та жуда катта сиғимли 18 метрли автобус («гармошкали»), шунингдек, 300 та 12 метрли электробус келиши керак. Уларнинг умумий қиймати 210 миллион долларни ташкил этади.

Ҳозиргача 100 та Yutong электробуслари, 103 та Yutong газда ҳаракатланувчи автобуслари ва 30 та King Long «гармошкали» автобусилар етказиб берилди. Журналистларга берган интервьюсида Илҳом Маҳкамов 592 та автобус Хитойдаги заводларда ишлаб чиқарилгани, қолганлари 20 апрелгача тайёр бўлиши кераклигини айтди. Хитой ва Қозоғистон чегараларини кесиб ўтиш вақти ва тартиби ҳисобга олинса, автобусларнинг Тошкентга етиб келиши 10−14 кун вақт олади.

«Бугунги кунда бизда на трамвай, на троллейбус борлиги сабабли автобуслар ҳаракатини метро билан биргаликда йўлга қўйишимиз керак. Май ойидан бошлаб Тошкент кўчалари бўйлаб мингта автобус ва электробуслар босқичма-босқич ҳаракатлана бошлайди», — деди транспорт вазири.

Унинг ишонтиришича, янги автобуслар шаҳар кўчаларига «шунчаки ташланмайди». «Хорижлик мутахассисларни жалб қилган ҳолда йўналишлар ишлаб чиқилиб, улар метро билан боғланади».

Тошкентга ҳар куни 1 миллиондан ортиқ одам келади, шу боис аҳолининг бошқа транспортдан метрога ўтишини таъминлайдиган транспорт боғламаларини қуриш режалаштирилган.

Ҳозирги кунда Тошкентда 1100 га яқин автобус ҳаракатланади, улардан 460 таси «кичик» Isuzu. «Сотиб олинган MAN ва Mercedes-Benz русумли автобусларга 1000 та [янги] катта сиғимли автобуслар қўшилса, жами 1900 та катта сиғимли автобуслар, шу жумладан, 200 та 18 метрли автобуслар ҳаракатланади. Албатта, бу автобус ичидаги тиқилинчни ҳам камайтиради, интервалларни 3−4 дақиқагача, тиғиз вақтларда 2 дақиқагача қисқаради», — деди Илҳом Маҳкамов.

Шунингдек, у 15 майдан бошлаб Тошкентдаги жамоат транспорти янги тарифларга ўтиши кераклигини айтди. Худди шу кундан бошлаб ҳайдовчилар учун кунлик режа бекор қилинган ҳолда жамоат транспорти брутто-шартномалар асосида ҳаракатланишини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.

«Йўлларни кенгайтириш — бу хато»

Навбатдаги асосий муаммо йўл инфратузилмаси, деди вазир. Уни ташкил қилиш учун вақт керак. Агар биз BRT (bus rapid transit) автобус тизими ҳақида гапирадиган бўлсак, бунинг учун махсус йўлакдан ташқари, махсус тўхташ жойлари ва пиёдалар ўтиш жойлари керак бўлади. Ҳозиргача «тезкор ечимлар» таклиф қилинган, масалан, Тошкент марказидаги айрим участкаларда алоҳида автобус йўлаклари ажратилган.

Жорий йилда Транспорт вазирлигининг Лойиҳа бошқармаси пойтахт ҳокимлиги ва Ички ишлар вазирликлари билан биргаликда Тошкент шаҳридаги 34 та асосий транспорт йўлакларидан 13 тасида жамоат транспорти қатновининг устуворлигини таъминлаш ва ўтказиш имкониятини ошириш бўйича иш олиб бормоқда.

Журналистлардан бири вазир билан суҳбатда янги метро бекатлари қурилиши билан вагонлар гавжумлигича қолаётганини таъкидлади. Суҳбатга Тошкент ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Умурзоқов қўшилиб, «Одамнинг пули кўпаймоқда, ўқийди, ишлайди, институт, иш ўринлари пайдо бўляпти, хурсанд бўлинглар», — деди.

Транспорт вазири: «Одамларнинг мобиллиги ошяпти», — деб жавоб берди.

«Шунга яраша йўлларни кенгайтириш керакда», — деди бошқа бир журналист.

«Йўқ, йўлларни кенгайтириш бу хато. Бу биринчиси», — уни гапини бўлди Илҳом Маҳкамов.

Гапида давом этар экан, вазир: «Йўл ўтказгичлар қурилиши ҳам батафсил ечим эмас. Бир чорраҳанинг муаммосини ҳал қилиш орқали сиз тирбандликларни кейинги чорраҳаларга ўтказасиз», — деди.

Вазирнинг қўшимча қилишича, Тошкент учун биринчи марта шаҳарнинг транспорт макромодели яратилган. Унинг ривожланиши икки йил давомида йўловчилар оқимини таҳлил қилишни талаб қилган. Жараёнга Туркия ва Россиядан мутахассислар жалб қилинган, деди у.

Ушбу моделни амалга ошириш вақт талаб этади: «Бу 1−2 кунда жорий қилинадиган нарса эмас. Бу чорраҳаларни, ҳар бир кўчани тўлиқ қайта кўриб чиқишни талаб қилади».

Трамвай қачон Тошкентга қайтарилади?

Илҳом Маҳкамов бу саволга жавоб берар экан, бу ҳам эскирган дренаж тизими, метрополитенда тиқилинчни ҳаддан ташқари кўплиги, кўчалардаги тирбандлик муаммоларини ҳал қилиш каби кўп вақт талаб этишини айтди.

«Энди мутахассислар бизга эски ва янги Тошкентни боғлайдиган линия қуришдан бошлаш кераклигини айтишмоқда», — деди вазир.

«Агар ҳозир шаҳар ичида трамвай қуришни бошласак, тирбандликларга ҳам дуч келамиз, дейишяпти. Трамвай ишга туширилгандан кейин эмас, балки қурилиш вақтида. Бу жуда узоқ вақт талаб этади», — дейди у.

«Шунинг учун, ўйлайманки, яқин вақт ичида муҳтарам президент учун ушбу кўча (Янги Ўзбекистон кўчаси — таҳр.) бўйлаб эски ва янги Тошкентни боғлайдиган трамвай лойиҳасини амалга оширамиз», — деди вазир.

2022 йил кузида Франциянинг Alstom машинасозлик компанияси Тошкентдаги «Дўстлик» метро станциясидан бошлаб, Янги Ўзбекистон кўчаси бўйлаб трамвай йўли қуриши ҳақида хабар берилганди.

Тошкентга трамвай қайтарилиши режалари ҳақида Шавкат Мирзиёев 10 февраль куни ушбу электр транспорт фаолият кўрсатаётган ягона шаҳар — Самарқандга ташрифи давомида маълум қилганди. Ноябрда эса Транспорт вазирлиги пойтахт кўчаларига трамвайни қайтариш заруратини ўрганаётганини қайд этди.

Транспот бошқармаси бошлиғи Анвар Жўраев ёзда қилган чиқишларининг бирида трамвайнинг иккита йўналиши бўйича таклифлар тайёрлангани, улардан биринчиси ТТЗдан Шимолий вокзалгача, иккинчиси эса Шимолий вокзалдан Отчопаргача давом этиши мумкинлигини маълум қилган эди.

«Газета.uz» Тошкентда трамвай қатновларини тугатиш тўғрисидаги қарорни қабул қилишда шошма-шошарликка ва хатога йўл қўйилганига бир неча бор эътиборни қаратган. Расмийлар трамвайни самарасиз деб атагани ҳолда траспорт муаммолари (йўлларнинг тирбандлиги)ни эса кўчаларни кенгайтириш, янги йўл ўтказгичлар ва метрополитен линияларини қуриш орқали ҳал қилишни режалаштирган. Оқибатда шаҳарда жамоат транспорти билан боғлиқ вазият оғирлашишда давом этди.