16 февраль куни президентнинг «Жамоат транспорти тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Унга кўра, Тошкент шаҳри жамоат транспорти учун 200 та 18 метрли автобус олиб келинади, деб хабар бермоқда Адлия вазирлигининг Telegram`даги «Ҳуқуқий ахборот» канали.

Қарорга асосан:

  • шаҳар автобус йўналишларида чекланган тарифлар бўйича йўловчилар ташишни брутто-шартнома асосида ташкил этиш ва молиялаштириш тизими босқичма-босқич жорий этилади;
  • ташувчилар билан ҳисоб-китоблар «босиб ўтилган йўл» ва «сифат» мезонлари асосида амалга оширилади;
  • йўлкира ҳақини кунлик йиғиш режа-топшириғини белгилаш амалиёти бекор қилинади;
  • ташувчилар томонидан йўналиш кўрсаткичлари бажарилишини мониторинг қилиш, бажарилган иш ҳажми ва сифатини аниқлаш ҳамда баҳолаш, йўлкира ҳақи тўланишини ва кўрсатилган хизматлар сифатини назорат қилиш учун автоматлаштирилган диспетчерлик бошқаруви ва назорат тизими ташкил этилади.

Автобус йўналишларининг янги тармоғи жорий этилиши, автоматлаштирилган тўлов тизими ва автоматлаштирилган диспетчерлик хизматининг босқичма-босқич:

  • 2023 йил 1 мартгача — Тошкент шаҳрида;
  • 2023 йил 1 августгача — Андижон, Самарқанд, Наманган, Қарши ва Урганч шаҳарларида;
  • 2024 йил 1 июнгача — Нукус шаҳри ва бошқа вилоятлар марказларида йўлга қўйилади.

Йўловчилар ташишни брутто-шартнома асосида ташкил этиш ва молиялаштириш тизими босқичма-босқич:

  • 2023 йил 15 апрелдан — Тошкент шаҳрида;
  • 2024 йил 1 январдан — Андижон, Самарқанд, Наманган, Қарши ва Урганч шаҳарларида;
  • 2024 йил 1 июндан — Нукус шаҳри ва бошқа вилоятлар марказларида ишга туширилади.

Тошкент шаҳри жамоат транспорти учун 200 та 18 метрли ва 500 та 12 метрли табиий газда ишлайдиган автобус ҳамда 300 та 12 метрли электробус; Нукус шаҳри ва вилоят марказлари жамоат транспорти учун жами 1000 та табиий газда ишлайдиган автобусни харид қилиш бўйича келишувларга эришилган.

Эслатиб ўтамиз, президент қарорига (2022 йил 3 февраль) кўра, 2025 йилгача пойтахтда 1063 та янги автобус ҳаракатланишни бошлаши, улардан 53 таси 2023 йилда ҳаракатга тушириладиган катта сиғимли 18 метрли автобуслар бўлиши ҳақида хабар бергандик. Ушбу «гармошкали автобуслар» пойтахтнинг 11 та магистрал йўналишида ҳаракатланиши режа қилинганди.

Таъкидланишича, транспортнинг қайрилиш даражаси йўлнинг параметрларига тўғри келиши учун автобуснинг ўртаси «гармошкали» тарзда бўлади.

«Улар қарор билан тасдиқланган жамоат транспортининг янги йўналиш тармоғининг магистрал йўналишларига жорий этилади. Мазкур 18 метрли автобуслар 11 та магистрал йўналишларга жойлаштирилади. Метрополитен линиялари ер остидаги катта йўловчи оқимини ташиётган бўлса, бу ер устидаги катта йўловчилар оқимини ташувчи магистрал йўналишлар тоифасига киради», — дея таъкидлаган Тошкент шаҳри транспорт бошқармаси автомобиль транспортини ривожлантириш бўлими ходими Ахролхўжа Тошхўжаев.

Маълум қилинишича, катта сиғимли автобусларни йўлга қўйиш амалиёти бир неча йиллар олдин пойтахтдаги 72-сонли автобус йўналишида қўлланган. Бироқ маълум муддатдан сўнг тўхтатилган.