Урганч шаҳридаги оилавий меҳрибонлик уйининг бир неча ойлар давомида жинсий зўравонликка учраган 3 нафар қизи хавфсизлик билан таъминланди, — деб хабар берди Ўзбекистон президенти Администрацияси коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича шўъба мудири Саида Мирзиёева.

«Газета.uz» манбасига кўра, қизлар қўриқчилар билан таъминланган, уларнинг кўчага чиқиши, жумладан, мактабга бориш ва қайтиши ҳам кузатиб борилади.

«Уларнинг хавфсизлиги, руҳий ва жисмоний тикланиши ҳозирда устувор масаладир», — деди Саида Мирзиёева.

«Шу билан бир вақтда, бу каби вазиятларда ҳаракат қилиш ва, энг асосийси, уларнинг олдини олиш тизимини яратиш устида ишлашимиз керак. Қонунларни қатъийлаштириш ва зўравонликка мутлақ тоқатсизлик нормаларини яратиш вақти келди. Барча даражаларда», — деди у.

«Бу вазиятда менга умид бағишлайдиган бирдан-бир жиҳат борки, у ҳам бўлса, ошкоралик ва фуқаролик жамиятининг овози. Эҳтимол, бусиз атрофда бўлаётган воқелардан ожизларча бехабар бўлиб қолардик», — дея қўшимча қилди президентнинг қизи.

«Зўравонлик доим бўлган, лекин айнан ҳозир очиқлик туфайли ушбу ҳодиса ҳақида баланд овоз билан гапиряпмиз ва бунга қарши курашиш учун реал ресурсларимиз пайдо бўлди. Ўзбекистон сўз ва медиа эркинлиги борасида зиммасига олган мажбуриятлари, бу жараён барча учун жуда оғриқли кечаётган бўлса-да, ўз мевасини бермоқда», — деди у.

«Тизим бир кунда барпо этилиб қолмайди, бу узоқ йўл ва манфаатлар курашидир. Ва бугун муаммоларни эркин кўтараётган овоз ҳар қачонгидан ҳам баланд янграмоқда», — деб ёзади Саида Мирзиёева.

У «барча оммавий ахборот воситалари ва бу ишга бефарқ бўлмаган ҳамда ўз фуқаролик позициясини билдирган фаолларга» миннатдорлик билдирди. «Амалда ишлайдиган одил судлов тизимини яратиш йўлида бирлашсак, куч бўламиз!» — деди у.

Иш тафсилотларини «Ўхшаш хабарлар» бўлимидаги ҳаволалар орқали ўқинг.