Бош прокуратура Хоразм вилояти Урганч шаҳридаги 1-сонли оилавий меҳрибонлик уйининг уч нафар тарбияланувчиси зўрланиши билан боғлиқ жиноят иши бўйича чиқарилган суд ҳукми ва аппеляция инстанцияси ажримлари қонунийлигини ўрганди.

«29 март куни судланган А.Машарипов ва А.Курязовларга енгил жазо тайинланганлиги ва бошқа ҳолатлар юзасидан Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанцияси судига протест келтирилган», — дейилади хабарда.

Идора матбуот хизматининг «Газета.uz»га маълум қилишича, протест ишни қайта кўриб чиқиш ва жазони кучайтиришдан иборат бўлиб, у Nemolchi.uz лойиҳаси томонидан воқеа биринчи марта эълон қилинишидан икки кун олдин, 29 март куни чиқарилган. Олий суд 1 апрель куни соат 16:25 да вазиятни изоҳлар экан, «ҳозирги кунга қадар Олий судга кассация тартибида протест ёки шикоят келиб тушмаганини» билдирган.

Бош прокуратуранинг қайд этишича, протест 29 март куни берилган, бироқ етказиб бериш, ижро этиш ва рўйхатдан ўтказиш тартиби туфайли ҳужжат Олий судга етиб боролмаган.

Аввалроқ 2022 йилнинг сентябрь ойида Дилмурод Отамуратов раислигида ўтган жиноят ишлари бўйича Хива тумани суди Урганч шаҳридаги 1-сонли оилавий меҳрибонлик уйи раҳбари Юлдуз Худайбергенова, Хоразм вилояти адлия бошқармаси собиқ бошлиғи Ойбек Машарипов ва Янгиариқ тумани фавқулодда вазиятлар бўлими собиқ бошлиғи Анвар Курязовга нисбатан ҳукм чиқаргани ҳақида хабар берилганди.

Унга кўра, меҳрибонлик уйи раҳбари 5,5 йилга озодликдан маҳрум этилгани ҳамда 1 йилга давлат иштирокидаги корхона, ташкилот, муассасаларда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган. Икки собиқ амалдор эса 1,5 йил муддатга озодликни чеклаш жазосини олган.

Олий суд ёпиқ эшиклар ортида кўрилган жиноят иши материалларига тўхталар экан, қизларнинг бир неча ой давом этган зўрланишига камида яна уч киши алоқадор бўлиши мумкинлигини билдирган. Бироқ суд уларни айбланувчи деб ҳисобламай, гувоҳ сифатида ушлаб турган.