Ўзбекистон вилоятларидан биридаги оилавий меҳрибонлик уйи раҳбари 3 нафар вояга етмаган тарбияланувчи қизни 10 ой давомида вилоят адлия бошқармаси ва туман фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи билан жинсий алоқада бўлишга мажбурлагани айтилмоқда. Бу ҳақда зўравонликка қарши курашувчи Nemolchi.uz лойиҳаси хабар берди.

Меҳрибонлик уйи раҳбари ва икки бўлим бошлиқларига нисбатан қўзғатилган ишни кўриб чиққан суд мажлиси 2022 йил сентябрь ойида бўлиб ўтган.

Лойиҳага кўра, оилавий меҳрибонлик уйи раҳбари ўз васийлигидаги 3 нафар қиз (Азиза, Раъно ва Диля — исмлар ўзгартирилган)ни танлаб олган ва 10 ой давомида (2021 йил май — 2022 йил февраль) моддий рағбат эвазига турли эркаклар билан жинсий алоқа қилишга мажбурлаган.

«Масалан, 2021 йил май ойи бошида у ўша пайтда ҳали 16 ёшга тўлмаган Азизани танлаб, танишларидан бири билан жинсий алоқага киришга мажбурлаган. Қиз бунга қаршилик қилганда мудира ошхонадан ўқлов олиб келтириб, барча болаларнинг кўз ўнгида қизнинг кичик укасини калтаклай бошлади. Қизнинг иродасини синдириб, мудира кейинчалик уни ўзи айтган эркаклар билан ётишга мажбур қилиб келган», — деб ёзади Nemolchi.uz.

Вилоят адлия бошқармаси бошлиғи мудиранинг муаммоларини ҳал қилишда ўз ваколатларини ишга солишга ваъда бериб, 2021 йил апрель ойида унга хайрия сифатида принтер совға қилган (қурилма вилоят адлия бошқармаси балансида бўлган, ишлатилган, кейинчалик яроқсиз ҳолга келган).

«Бундай «хайрия»дан бир неча ҳафта ўтгач, эркак меҳрибонлик уйи раҳбаридан унга жинсий эҳтиёжларини қондириш учун қиз беришни талаб қилди. Шунда мудира 17 ёшли етим қиз Раънони танлади ва уни оч қолдириб, бошқа болалардан ажратиб, ташқарига чиқишини тақиқлаб қўйди, кейин вилоят адлия бошқармаси бошлиғи унга 250 минг сўмлик спорт оёқ кийими олиб бергани учун у билан жинсий алоқа қилишга мажбур эканини айтди. Эркак қиз билан қабиҳ ишлари учун адлия бошқармаси томонидан вилоят адлия бошқармаси ходимларига хизмат уйи сифатида ажратилган хонадондан фойдаланган», — дейилади лойиҳа материалида.

Орадан бир ой ўтиб, 2021 йил июнь ойида у яна мудирадан қиз талаб қилиб, 15 ёшли Азиза билан ҳам шу хонадонда бирга бўлган.

«Воқеалар қайта-қайта такрорланади… Дарҳақиқат, ўн ой давомида вилоят адлия бошқармасининг хизмат хонадонидан вилоят адлия бошқармаси бошлиғи ва вояга етмаган қизлар ўртасида жинсий алоқа майдони сифатида фойдаланилган», — деб ёзади Nemolchi.uz.

Фавқулодда вазиятлар бўлимининг туман бўлими бошлиғи ҳам меҳрибонлик уйи раҳбарига унинг муаммоларини ҳал қилишда ёрдам беришини айтган. Май ойи бошида ҳомийлик сифатида болалар учун диван, шкаф, ошхона столи совға қилган ва болаларга турли ширинликлар олиб келган.

«Бунинг эвазига 2021 йил июнь ойи бошида у ҳам жинсий алоқа қилиш учун қиз талаб қилиб, меҳрибонлик уйи ётоқхонасида юқорида тилга олинган 17 ёшли етим Раъно билан ётиб чиқади. Июнь ойининг охирида у меҳрибонлик уйи раҳбарига 200 минг сўм бериб, яна шу қиз билан ётади. Кейин эса меҳрибонлик уйига озиқ-овқат ва ичимликлар олиб келади ва бунинг эвазига 15 ёшли Азизани жинсий алоқа қилишга мажбурлайди. Қизлар у билан бир неча бор жинсий алоқа қилишга мажбур бўлишди ва учрашувлар болалар уйининг ўзида ҳам, бошқа жойларда ҳам бўлиб ўтди», — дейилади лойиҳа материалида.

Nemolchi.uz вояга етмаганлар қарам ҳолатда бўлгани ва шу боис жинсий алоқага ўз ихтиёри билан ва онгли равишда розилик бера олмаслигини қайд этди.

Маълум қилинишича, суд жараёнида барча айбланувчилар «қизлар буни ўз ихтиёри билан қилгани, уларни ҳеч ким мажбурламаганини» айтган.

Сентябрь ойида биринчи инстанция суди меҳрибонлик уйи раҳбарини Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми «а» банди (18 ёшга тўлмагани айбдорга аён бўлган шахсга нисбатан содир этилган одам савдоси), 167-моддаси 2-қисми «г» банди (Мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш йўли билан ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 209-моддаси 1-қисми (Мансаб сохтакорлиги) бўйича 5 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум қилган.

Адлия бошқармаси бошлиғи ва фавқулодда вазиятлар бўйича туман бошқарма бошлиғи Жиноят кодексининг 128-моддаси 1-қисми (Шахснинг 16 ёшга тўлмагани айбдорга аён бўлган ҳолда у билан жинсий алоқа қилиш ёки жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш) ва Жиноят кодексининг 128−1-моддаси (16 ёшдан 18 ёшгача бўлган шахс билан моддий қимматликлар бериш ёхуд мулкий манфаатдор этиш орқали жинсий алоқа қилиш)нинг эски таҳририда назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган.

Уларнинг ҳар иккисига 1,5 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланган. Бу вақт давомида уларга 22:00 дан 06:00 гача уйдан чиқиш, шунингдек, пробация органларини огоҳлантирмасдан яшаш жойини ўзгартиришлари ва яшаш тумани чегараларини тарк этиш тақиқланади.

2022 йилнинг декабрь ойида апеллация инстанцияси суди суд қарорини ўзгартиришсиз қолдирган.

«Юқорида тасвирланган ҳолатда уларга нисбатан етарли жазоми? Афсуски, ҳатто идоралар ходимлари орасида ҳам ўзлари бузуқ бўлган вояга етмаган қизлар борлигига ишонадиганлари бор, қизлар эркакларга осилиб, жинсий алоқа қилишни хоҳлашармиш. Ҳеч ким сабаблар ҳақида ўйлашни хоҳламайди. Мамлакатимизда розилик ёши 16 ёшдан бошланишини ҳамма унутган кўринади. Бу шуни англатадики, 16 ёшга тўлмаган шахс билан ҳар қандай жинсий алоқа номусга тегиш деб ҳисобланиши керак», — дейди Nemolchi.uz.

Жиноят кодексининг айбдорларга қўлланган моддалари:

  • Жиноят кодексининг 128-моддаси (16 ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) 480 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 1 йилдан 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
  • Жиноят кодексининг 128−1-моддаси (16 ёшдан 18 ёшгача бўлган шахс билан моддий қимматликлар бериш ёхуд мулкий манфаатдор этиш орқали жинсий алоқа қилиш) 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 2 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 2 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
  • Жиноят кодекси 135-моддаси 3-қисми «а» банди (18 ёшга тўлмагани айбдорга аён бўлган шахсга нисбатан содир этилган одам савдоси) 8 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
  • Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисми «г» банди (Мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш йўли билан ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) БҲМнинг 100 бараваридан 300 бараваригача миқдорда жарима ёки 480 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
  • Жиноят кодексининг 209-моддаси 1-қисми (Мансаб сохтакорлиги) БҲМнинг 100 бараваридан 300 бараваригача миқдорда жарима ёки 5 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 2 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Гап Хоразм вилояти адлия бошқармаси ва Янгиариқ тумани фавқулодда вазиятлар бўлими мутасаддилари ҳақида кетмоқда, деб хабар қилди «Газета.uz» манбалари.

Олий суд сайти хабарига кўра, Жиноят кодексининг кўрсатилган моддалари билан иш 2022 йил сентябрь ойи бошида Жиноят ишлари бўйича Хива тумани суди судьяси Дилмурод Отамуратов томонидан кўриб чиқилган. Иш бўйича айбланувчилар меҳрибонлик уйи раҳбари Юлдуз Худайбергенова, Янгиариқ тумани фавқулодда вазиятлар бўлими собиқ бошлиғи Анвар Курязов ва адлия бошқармаси собиқ бошлиғи Ойбек Машариповлар бўлган.

Қайд этиш керакки, Ойбек Машарипов, шунингдек, Одам савдосига қарши курашиш бўйича Хоразм вилояти идоралараро комиссияси аъзоси ҳам ҳисобланади.

Олий суд матбуот хизматининг «Газета.uz»га маълум қилишича, иш судда ёпиқ тарзда кўриб чиқилган, шу сабабли жараён тафсилотларини ошкор этиб бўлмайди.

Адлия вазирлиги муносабати

Вазирлик ахборот хизмати ўз тизимидаги ходим билан бўлган воқеага муносабат билдирар экан, ҳудудий бошқарма раҳбарининг ҳаракатлари «на қонунларга, на ахлоқ ва қадриятларга мос келмаслиги», ушбу жиноий ҳаракат ҳақида ўзларига маълум бўлган вақтидаёқ унинг лавозимдан озод этилганини маълум қилди.

«Қонунчиликка кўра, судлар ўз фаолиятини давлат органлари ва ташкилотлари мансабдор шахсларидан мустақил равишда олиб боради, ўз ҳукм-қарорларини мустақил равишда чиқаради. Шу сабабли Адлия вазирлиги собиқ ходимга нисбатан суд ҳукмини шарҳлаш ваколатига эга эмас», — дейилади муносабатда.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги муносабати

Вазирлик 2022 йилда тергов ишлари олиб борилаётган вақтда ушбу ходим эгаллаб турган лавозимидан озод этилганини билдирди. «Унинг кейинги тақдири билан ваколатли органлар шуғулланган», — дея таъкидланади хабарда.