Ўзбекистон Болалар омбудсмани Алия Юнусова Хоразм вилояти Урганч шаҳридаги 1-оилавий меҳрибонлик уйининг уч нафар тарбияланувчисининг зўрланиши билан боғлиқ вазиятни ўрганмоқда. Бу ҳақда омбудсман матбуот хизмати хабар берди.

«Болалар омбудсмани болаларга нисбатан қўлланадиган ҳар қандай жинсий жиноятларга оғир жазо турларини қўллаш керак, деган позицияда», — дейилади баёнотда.

Алия Юнусова вазиятни ўз назоратига олган ва иш билан боғлиқ барча материалларни ўрганмоқда, зарурат бўлса, уларнинг хавфсизлиги таъминланади, дейилади хабарда.

2022 йил сентябрда Дилмурод Отамуратов раислигида ўтган жиноят ишлари бўйича Хоразм вилояти Хива тумани суди Урганч шаҳридаги 1-сонли оилавий меҳрибонлик уйи раҳбари Юлдуз Худайбергенова, Хоразм вилояти адлия бошқармаси собиқ бошлиғи Ойбек Машарипов ва Янгиариқ тумани фавқулодда вазиятлар бўлими собиқ бошлиғи Анвар Курязовга нисбатан ҳукм чиқаргани ҳақида ёзган эдик.

Мудира 1 йил муддатга раҳбарлик ва моддий жавобгар лавозимларни эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 5,5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган. Шу билан бирга, икки собиқ амалдорнинг 1,5 йилга озодлиги чекланган.

Зўравонликка қарши курашувчи Nemolchi.uz лойиҳаси бу ҳақда хабар бергунига қадар — қарийб 7 ой давомида жамоатчилик ҳодисадан бехабар эди.