Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева ҳамда президент Администрациясининг коммуникациялар ва ахборот сиёсати шўъбаси мудири, давлат раҳбарининг қизи Саида Мирзиёева Хоразм вилояти Урганч шаҳридаги 1-сонли оилавий меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларининг зўрлангани билан боғлиқ вазият юзасидан муносабат билдирди.

Танзила Нарбаева «вояга етмаганларга нисбатан содир этилган бундай тубан жиноятларга давлатнинг, жамиятнинг қатъий ва муросасиз жавоби бўлиши шарт»лигини таъкидлади.

«Аёллар ва болаларни зўравонликдан ҳимоя қилишга қаратилган қонунимизда мазкур тоифадаги жиноятлар учун жазонинг жиддий кучайтирилаётганлиги айнан шунинг учун ҳам ниҳоятда муҳимдир», — деб ёзади у.

Саида Мирзиёева бу ҳолат қонунчиликда жиддий муаммолар борлигини кўрсатганини ва ушбу бўшлиқдан «жирканч шахслар фойдаланиб қолаётганини» қайд этди.

«Воқеа иштирокчилари орасида ҳуқуқ идораси вакилларининг ҳам борлиги эса ниҳоятда хавотирлидир. Бош прокуратурадан мазкур ҳолатга алоҳида эътибор қаратиб, синчиклаб ўрганишни ва ҳуқуқий баҳо беришни сўрайман», — деб ёзади у.

Шунингдек, у мавжуд қонунчиликни қайта кўриб чиқиб, такомиллаштириш, турли «лазейка»ларни ёпиш, оилавий зўравонлик бўйича қонунни қабул қилишни тезлаштириши зарурлигини таъкидлади.

Вазият тўғрисида мансабдорларга хабар берилган

Зўравонликка қарши курашувчи Nemolchi.uz лойиҳаси асосчиси Ирина Матвиенко (лойиҳа Урганчдаги ҳодиса тўғрисида биринчи бўлиб очиқ гапирган) февраль бошидаёқ Сенатда хотин-қизлар ва болалар ҳимоясини кучайтириш ҳақидаги ўзгартишларни ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳ йиғилишида 1-сонли оилавий болалар уйидаги вазият юзасидан ахборот берганини маълум қилди.

«Бу кейсни февраль бошида Сенатда ишчи гуруҳ йиғилишида тилга олгандим. Залда сенаторлар, Адлия вазирлиги, Олий суд ва бошқа инстанциялар вакиллари ўтиришганди. Эшитишди, шокка тушишди, ҳеч нарса қилишмади», — дея маълум қилди фаол.

«Март охирида ёзган мақолам улкан резонанс, изоҳлар, норозиликларни келтириб чиқарди. Бироқ инстанциялар бу ҳақда аввалроқ билмаганмиди? Улар вазиятни тўғирласа бўлмасмиди? Халқнинг норозилигини кутиб ўтирмасдан протест киритиш, қарорни қайта кўриб чиқиш ва одамларга бошқа натижани кўрсатса бўларди-ку. Шунинг иложи бор эди-ку», — деб ёзади у.

Ирина Матвиенко прокурорнинг 6 ёшли қизчага тегажоғлик қилган эркак иши бўйича суд қарори устидан шикоят қилганини мисол қилиб келтирди. Декабрь ойида судланувчи 10 йилга озодликдан маҳрум этилган, протестдан кейин суд жазони 15 йилга оширган.

«Ошкор бўлишини ёқтирмайман (кимгадир ғайритабиий туюлиши мумкин). Давлат машинаси одамлар ҳуқуқларини ОАВ ва интернетда шов-шувлар уйғотгани учун эмас, балки тизим ишлаётгани учун ҳимоя қилишини хоҳлайман», — дея таъкидлади Ирина Матвиенко.

Урганчда қизларнинг зўрланиши иши бўйича суд қароридан Nemolchi.uz лойиҳаси хабар бергунига қадар қарийб етти ой давомида жамоатчилик хабардор бўлмаган.

2022 йилнинг сентябрь ойида Дилмурод Отамуратов раислигида ўтган жиноят ишлари бўйича Хива тумани суди Урганч шаҳридаги 1-сонли оилавий меҳрибонлик уйи раҳбари Юлдуз Худайбергенова, Хоразм вилояти адлия бошқармаси собиқ бошлиғи Ойбек Машарипов ва Янгиариқ тумани фавқулодда вазиятлар бўлими собиқ бошлиғи Анвар Курязовга нисбатан ҳукм чиқарган.

Унга кўра, меҳрибонлик уйи раҳбари 5,5 йилга озодликдан маҳрум этилгани ҳамда 1 йилга давлат иштирокидаги корхона, ташкилот, муассасаларда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган. Икки собиқ амалдор эса 1,5 йил муддатга озодликни чеклаш жазосини олган.

Ишда бошқа иштирокчилар ҳам бўлиши мумкин

Ирина Матвиенко суд ёпиқ эшиклар ортида кўрган жиноят иши материалларига таяниб, қизларнинг бир неча ой давом этган зўрланишига яна камида уч киши алоқадор бўлиши мумкинлигини айтди. Бироқ суд уларни айбланувчи деб ҳисобламай, гувоҳ сифатида ушлаб турган.