Қирғизистонда 2023 йилнинг май ойидан аҳоли учун электр энергияси нархи 30 фоизга — бир кВт/соат учун 0,77 сомдан (0,0089 доллар) 1 сомга (0,012 доллар) ошади. Бу ҳақда мамлакат президенти Садир Жапаров Facebook`даги саҳифасида маълум қилди.

«Агар шундай қилмасак, биз энергетика соҳамизни абадий йўқотиш хавфи бор. Чунки бизда ишлаб чиқарилган электр энергиясининг нархи 21 тийин бўлиб, энергетикларнинг иш ҳақи тўлаш, эскирган трансформатор, сим, устунларни алмаштириш, 1 кВт/соат электр энергияси нархи эса 2 сом 38 тийинни ташкил этади», — дея тушунтирди у.

Унинг сўзларига кўра, мустақиллик йилларида Қирғизистонда бирорта ҳам ГЭС қурилмаган, юқори қувватли трансформаторлар ва юқори вольтли линиялар янгиланмаган, электр жиҳозларининг эскириши 80 фоиздан ошган. Шу билан бирга, аҳоли сони бир ярим баробар, бинолар сони бир неча баробар ошган. Агар 1991 йилда Қирғизистонда электр энергияси истеъмоли 9 миллиард кВт/соатни ташкил этган бўлса, бугунги кунда бу кўрсаткич 16 миллиардга яқинни ташкил этмоқда.

Қолаверса, сўнгги 15 йил ичида қиш мавсумида Қирғизистон 3 миллиард кВт/соат электр энергиясини 3 сомдан (0,035 доллар) импорт қилган. Шу вақтгача, Энергия ресурси тоғ-кон саноатига 5,04 сом (0,059 доллар), давлат ва ўрта корхоналарга — 3,4 сом (0,059 доллар), аҳолига — 0,77 сом (0,0089 доллар), кам таъминланган оилаларга — 0,5 сомдан (0,0058 доллар) бериб келинган.

Ҳозирда аҳоли учун тариф ойига 700 кВт/соатгача бўлган истеъмол учун 0,77 сом, 700 кВт/соатдан ортиқ истеъмол учун эса 2,16 сомни ташкил этади.

«Шу билан бирга, энергетика соҳасининг қарзи 137 миллиард сомни (1,59 миллиард доллар) ташкил этади. Тахминан айтганда, маҳаллий энергетика сектори ярим ўлик ҳолатда», — деди Жапаров.

Президент «маҳаллий электр энергиясидаги узилишлар»га ҳам изоҳ берди.

«Мен энергетика соҳасидаги мавжуд вазият ҳақида тўғридан-тўғри маълумот оламан, электр узилиши кузатилмади, қаттиқ совуқ туфайли электр энергияси истеъмоли сезиларли даражада ошди, ускуналар юклама остида. Шу муносабат билан, электр жиҳозларини сақлаб қолиш ва авариявий узилишларнинг олдини олиш мақсадида электр энергиясини вақтинча ўчиришга мажбур бўлинди. Агар энергия сарфини камайтириш бўйича ишлар ўз вақтида амалга оширилмаса, бу нафақат Қирғизистон энергетика тизимида, балки Марказий Осиёнинг ягона энергетика тизимида ҳам тизимли аварияга олиб келиши мумкин (2022 йил 25 январдаги ҳолат такрорланиши хавфи мавжуд)», — деди у.

Садир Жапаров келажакда энергетика соҳасининг қарзи тўлиқ қопланиши, бу эса мамлакатни ўзини электр энергияси билан таъминлаш имконини беришига ишонтирди.

Ўзбекистондаги вазият

Ўзбекистонда газ ва электр энергиясига тарифлар охирги марта 2019 йил август ойида кўтарилган эди. Ўшандан бери энергия нархларини либераллаштириш ва энергетика секторини ислоҳ қилиш бир неча бор қолдирилди.

Ҳукумат 2020 йилнинг февраль-март ойларида электр энергияси ва газ тарифларини оширишни режалаштирганди, бироқ коронавирус пандемияси туфайли бу чорани кейинга қолдирди. 2020 йил октабр ойида «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти раиси Улуғбек Мустафоев президент Шавкат Мирзиёев 2021—2022 йилларда электр энергияси тарифларини оширмаслик вазифасини қўйгани ҳақида маълум қилганди.

Май ойида республикада жами 7,3 миллион абонент электр энергияси истеъмол қилишини, уларнинг 80 фоизи ойига ўртача 200 кВт/соатгача электр энергияси истеъмол қилишини ёзган эдик. Ваҳоланки, бу аҳоли томонидан истеъмол қилинадиган умумий электр энергиясининг атиги 31 фоизини (5,7 миллиард кВт/соат) ташкил этади.

Ўзбекистонда 4 миллион газ абонентининг 85 фоизи ойига ўртача 500 куб метргача табиий газ истеъмол қилади. Бироқ, улар аҳолининг умумий истеъмолининг атиги 35 фоизини (4,5 миллиард кубометр) ташкил қилади.

Ҳукумат 15 июлдан энергия истеъмоли учун ижтимоий нормани жорий этишни ва лимитларни жорий қилишни режалаштирган эди, бироқ бу қарорни кейинга қолдирди.

Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимовнинг таъкидлашича, Ўзбекистон энергетика соҳасидаги жорий нарх сиёсати камбағалларнинг қашшоқлашишига, бойларнинг бойиб кетишига олиб келмоқда. Миллиардлаб долларлик субсидиялар бойлар учун фойдалироқ, дейди у.