Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон энергетика тизимларининг тизим операторлари вакилларидан иборат «Энергия» мувофиқлаштирувчи диспетчерлик марказининг («Энергия» МДМ, Тошкент шаҳрида жойлашган) махсус комиссияси 25 январь куни содир бўлган электр узилиши сабабларини текширишни якунлади. Бу ҳақда Қозоғистоннинг KEGOC электр тармоқларини бошқариш компанияси сайтида хабар берилди.

«Комиссия аварияга Ўзбекистон энергетика тизимидаги узилиш сабаб бўлганини аниқлади», — дейилади хабарда.

Шу куни Тошкент вақти билан соат 10:59 да «Сирдарё ИЭС ва 500 кВ „Тошкент“ подстанциясини боғловчи 500 кВ юқори кучланишли ҳаво узатиш линиясининг чизиқли ажратгичида қисқа туташув содир бўлган».

«Кейинчалик биринчи ва иккинчи 500 кВ шина тизимларининг дифференциал ҳимоясининг ҳаддан ташқари ишлаши Сирдарё ИЭСда ишлаб чиқаришнинг сезиларли даражада қисқаришига, станцияга туташ электр тармоқларида бир неча марта узилишларга ва Қозоғистоннинг Ягона электр энергетика тизимининг (ЯЭТ) 500 кВ шимолий-шарқий-жанубий транзитига 2100 МВт қувват юборилишига (рухсат этилган даражадан 7 баравар юқори) олиб келди», — дейилади хабарда.

«Қозоғистон жанубидаги KEGOC электр тармоқлари ва электр станцияларининг аварияга қарши автоматикаси тизимдаги авария ҳолатларида энергия тизимини ажратиш талабларини инобатга олган ҳолда нормал режимда ишлади. Бунинг эвазига Қозоғистоннинг жанубий зонасидаги истеъмолчиларнинг тўлиқ узилишининг олдини олиш, мамлакат жанубидаги истеъмолчиларнинг қарийб 60 фоизини электр энергияси билан таъминлаш мумкин бўлди. Шу билан бирга, Ўзбекистон ва Қирғизистон энергетика тизимлари тўлиқ қувватсизлантирилди», — дейилади хабарда.

KEGOC’дан қўшимча қилинишича, аварияни бартараф этиш ва барча истеъмолчилар учун чекловларни олиб ташлаш учун Қозоғистонда 4 соат вақт кетган, Қирғизистонда бир суткадан кўпроқ вақт ичида схема ва режим тикланган, Ўзбекистонда эса истеъмолчиларни энергия билан таъминлаш тўрт кун давом этган.

KEGOC блэкаутга авария юз берган куни Сирдарё ИЭСдаги носозлик сабаб бўлганини маълум қилганди. 26 январь куни Ўзбекистон Энергетика вазирлиги вакили ушбу иссиқлик электр станциясида носозлик юз берганини тасдиқлади. Сиёсатшунос, энергетика соҳаси эксперти Петр Своик ҳам «Газета.уз»га берган интервьюсида коллапсга Сирдарё ИЭСдаги қисқа туташув сабаб бўлганини таъкидлади.

25 январь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев топшириғига биноан авария сабабларини ўрганиш бўйича бош вазир раислигида ҳукумат комиссияси тузилди. Комиссия ҳозирча узилишлар сабабларини маълум қилгани йўқ.

Президент иштирокида 31 январь куни бўлиб ўтган йиғилишда Ўзбекистон энергетика тизими 200−500 кВ магистрал тармоқларга тўлиқ уланмагани узилиш сабабларидан бири эканлиги айтилди. Шавкат Мирзиёев энергия ишлаб чиқариш қувватларини ошириш ва электр таъминотини автоматлаштириш лойиҳасини тайёрлаш бўйича топшириқ берди.