Ўзбекистондаги мактабгача таълим муассасаларида 10−18 январь кунлари навбатдан ташқари таътиллар эълон қилинди, деб хабар қилди пайшанба куни Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот хизмати.

Ушбу қарор об-ҳаво ҳароратининг кескин тушиб кетиши сабабли мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчиларида мавсумий грипп касаллиги, шамоллашнинг кескин кўпайишига йўл қўймаслик мақсадида қабул қилинди.

Вазирлик мактабгача таълим ёшидаги (3−7 ёшли) болалари бор, бюджет ҳисобидан молиявий жиҳатдан таъминланадиган муассасалар ва ташкилотларда ишлаётган аёлларга меҳнат шартномаси шартларига биноан меҳнатга тўланадиган ҳақни камайтирмасдан, иш вақтининг қисқартирилишига рухсат берилганини маълум қилди.

Аввалроқ мактаб ва лицей ўқувчилари, шунингдек, давлат олий ўқув юртлари талабаларининг қишки таътиллари 17-январга қадар узайтирилгани хабар қилинганди.

Ўзгидромет 10 январдан Ўзбекистонда аномал совуқ бошланиши ҳақида огоҳлантирди. Ҳаво ҳарорати кечаси -17 даражагача, кундузи -8 даражагача тушади. Бундан ташқари, 9−11 январь кунлари қор ёғиши, шамол кучайиши кутилмоқда. Шимолда ҳаво ҳарорати кечаси −17…−22 даражагача, Устюрт ва чўл ҳудудларида баъзи жойларда −25…−27, кундузи −7…−10 даражагагача тушади.