«Юксалиш» ҳаракати 9−12 январь кунлари Ўзбекистонда аномал совуқ об-ҳаво кузатилиши муносабати билан қатор чоралар кўришга чақирди.

Хусусан, ҳаракат барча иш берувчилар — ҳам давлат, ҳам хусусий сектор иш жараёнларини ташкил этишни чуқурроқ кўриб чиқишлари кераклигини, меҳнат шароитлари билан танишиб чиқиб, ходимларни қулай ҳарорат режими билан таъминлаш зарурлигини қайд этди.

«Агар ходимларнинг иш жойида бўлишига эҳтиёж бўлмаса, улар онлайн ишлашига рухсат берилиши керак. Пандемия бундай форматда ҳам берилган вазифаларни самарали бажариш мумкинлигини кўрсатди. Қолаверса, бу йўлларни тирбанд қилмасдан, қор ва музлардан тозалаб олинишига шароит яратади», — дейилади хабарда.

Масалан, «Юксалиш» ҳаракати жамоаси 9−15 январь кунлари масофадан ишлашга ўтмоқда. Марказий идора жойлашган бинонинг иситиш тизимидаги қийинчиликлар сабабли шундай қарорга келинди. Ҳудудий бўлинмалар ҳам онлайн форматга ўтмоқда, — дейилади ҳаракат ҳабарида.

Шунингдек, ҳаракат иш соатларини, айниқса, очиқ ҳавода ишлайдиганлар учун қисқартириш мақсадга мувофиқлигини, имкон қадар ходимлар учун иссиқ ичимликлар ташкил қилиш, совуққотиш ҳолатларининг олдини олиш учун танаффус бериш ёки ўрин алмаштириш ҳам фойдадан холи бўлмаслигини таъкидлади.

«Йирик савдо ва аҳолига хизмат кўрсатиш марказларида иссиқ чой беришни ташкил қилиш ўринли бўлади. Жамоат транспортининг узлуксиз ҳаракатланишини таъминлаш керак. Чунки ноқулай об-ҳавода йўлларда енгил автомобиллар сони кескин камаяди. Муҳими, беэътибор бўлмайлик, қишнинг совуқ кунларида илиқлик улашиб, бир-биримизга ёрдам берайлик», — дейилади хабарда.

«Маҳаллангиздаги ёлғиз кекса қўшнилар, кўп болали оилалар, фарзандини ёлғиз тарбиялаётган оналардан хабар олинг. Улардан иситиш тизими, электр, газ борлигини сўранг. Балки кимгадир ўтин ёки кўмир керакдир? Иссиқ кийимлари йўқдир. Ўзингизда борини улар билан ҳам бўлишинг. Шахсий автомобилда ҳаракатланганда ҳам бир манзилга борувчи йўловчиларни олиб кетинг», — дея ёзади ҳаракат.