Президент Шавкат Мирзиёев 20 декабрь куни Ўзбекистон парламенти ва халқига мурожаат қиларкан, Самарқанд ва Наманган шаҳарларини алоҳида маъмурий-ҳудудий бирликлар сифатида республика бўйсунувига ўтказишни таклиф қилди.

Аҳолиси сони миллионга яқинлашаётган бу шаҳарлар ҳам энди «ўсиш нуқталари»га айланади: Самарқанд — туризм ва бизнес марказига айланса, Наманган эса «саноат, тадбиркорлик, таълим, маданият маркази» бўлади, деди давлат раҳбари. Ҳар иккала шаҳарни ривожлантириш учун, худди Тошкентдаги каби, бевосита бош вазир масъул бўлади ва ҳар йили президентга ҳисобот беради.

«Газета.uz» республика бўйсунувига ўтиш нимани англатиши ҳамда бу янгилик шаҳарларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида ва аҳолиси ҳаётида нималарни ўзгартириши мумкинлиги ҳақида экспертлар билан суҳбатлашди.

Урбанизациянинг афзалликлари

Республика бўйсунувидаги шаҳарлар бевосита Вазирлар Маҳкамасига бўйсунади, деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари қўмитаси катта референти Азамат Неъматуллаев «Газета.uz» мухбири билан суҳбатда.

Юрист ва мустақил тадқиқотчи Элдор Ҳамроевнинг таъкидлашича, президентнинг таклифи маъқулланиши билан Самарқанд ва Наманган, худди Тошкент каби, вилоятлар таркибидан чиқарилади ҳамда алоҳида мақом ва алоҳида бошқарувга эга бўлади.

Унинг фикрича, мақомнинг ўзгариши ушбу ҳудудларнинг урбанизациялашувига ижобий таъсир кўрсатади. «Миллионер» шаҳарлар одамларни ўзига кўпроқ жалб қилади, уларда хизматлар яхшироқ ривожланади, иш ўринлари кўпроқ бўлади.

«Марказий Осиё ҳудудида энг биринчи йирик, яъни „миллионер шаҳар“ мақомига Тошкент шаҳри 1960 йилларда эришган. Ўша пайтда юртимиз аҳолиси 8 млн кишидан сал кўпроқ бўлган. Бугун эса аҳолимиз сони 36 млн кишига етди. Лекин ҳалигача одамлар иш, ўқиш, даволаниш, дам олиш, бизнес қилиш учун интиладиган шаҳар, яъни „тортувчи марказ“ — Тошкент бўлиб қолмоқда», — деди Элдор Ҳамроев.

«Бу орада минтақамизда аҳолиси миллиондан ошган шаҳарлар сони еттитага етди. Бундай шаҳарлар мамлакат иқтисодиёти учун муҳим аҳамиятга эга, бу назарий жиҳатдан ҳам, тарихдан ҳам ўз тасдиғини топган», — дея қўшимча қилди у.

Шаҳарлар мақомининг ўзгариши уларнинг бошқарув самарадорлигини ҳам ошириши керак. «Маъмурий-ҳудудий бирликларни ташкил этишдан кўзланган мақсад — бошқарувни, давлат органларини халққа яқинлаштириш, аҳолига сифатли хизматлар кўрсатиш», — дея қайд этиб ўтди Элдор Ҳамроев.

Наманганда 2020 йилдан бери иккита — Давлатобод ва Янги Наманган туманлари ташкил этилди. Самарқанд шаҳри таркибида ҳам туманлар ташкил этиш ташаббуси илгари сурилмоқда. «Мақсад — тобора кўпайиб бораётган аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини ошириш».

Айни вақтда, бу ҳолат юридик жиҳатдан бир қатор саволларни келтириб чиқаряпти, деди у. Ҳозирги вақтда қонунчиликка шаҳарлар таркибида ҳам туманлар ташкил этишга имкон берадиган ўзгартишларни киритгандан кўра шаҳарларни пойтахт каби республика бўйсунувига ўтказиш «жуда тўғри ва мантиқий қарор ҳисобланади», дея қайд этиб ўтди эксперт.

Ва ниҳоят, шаҳарларнинг мақомини ўзгартиришдан у ердаги ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, яъни, шаҳарларнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш ҳам мақсад қилинган. «Бу ерда давлат бизнесга ўзига хос „сигнал“ беряпти: „Ўзбекистонда яна иккита шаҳар Тошкент каби алоҳида мақомга эга бўлади, улар тез орада янаям ривожланади, аҳоли сони ошади“,. деяпти. Транспорт-логистика жиҳатдан ҳам шундай», — деди Ҳамроев.

Ушбу таклифни амалга ошириш учун, энг аввало, Конституцияга, кейин эса бошқа қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш, Олий Мажлис палаталарининг тегишли қарорларини қабул қилиш лозим бўлади, дея хулоса қилди эксперт.

Шаҳарлар мақомининг ўзгариши масалалари

Тошкент давлат юридик университетининг маъмурий ва молиявий ҳуқуқ кафедраси доценти, юридик фанлари номзоди Леонид Хваннинг маълум қилишича, Ўзбекистон маъмурий-ҳудудий бирликлари давлат реестрида республика бўйсунувидаги шаҳарлар тўғрисида алоҳида, махсус бир низом йўқ. Ҳатто бундай шаҳарларнинг умумий сони ҳақидаги ахборотни ҳам фақат президент фармонларига қараб билиб олиш мумкин, холос.

Ўзбекистоннинг маъмурий-ҳудудий тузилиши тўғрисидаги қонунга кўра, республика бўйсунувидаги шаҳар деганда «стратегик аҳамиятга, йирик саноат корхоналарига ва ривожланган инфратузилмага эга, шунингдек истиқболли иқтисодий ва маданий марказлар бўлган аҳоли пунктлари» тушунилади.

Республика бўйсунувидаги шаҳарларни тузиш ва тугатиш Вазирлар Маҳкамасининг таклифига кўра Олий Мажлис томонидан амалга оширилиши керак. Бироқ 2019 йилда олти шаҳар ва битта посёлка (шаҳарча)га президент фармони билан янги мақом берилганди. Булар — Тошкент вилоятидаги Ангрен, Чирчиқ, Бекобод, Олмалиқ, Навоий вилоятидаги Зарафшон, Сирдарё вилоятидаги Ширин шаҳарлари ва Сурхондарё вилоятидаги Шарғун шаҳарчасидир. Қонунчилик палатаси ва Сенат ушбу аҳоли пунктлари мақомини ўзгартириш тўғрисида қарорлар чиқармаган.

Леонид Хван бунда қарор қабул қилиш тизими билан боғлиқ муаммони кўради: «ҳаракатлар мантиқий давомийликка эга эмас», дейди у. 2019 йили парламент муҳокамалари ўтказилмаган, комиссияларнинг хулосалари олинмаган, шунга қарамай президентнинг фармони мавжуд ва унинг асосида Вазирлар Маҳкамасида республика бўйсунувидаги шаҳарларни ривожлантириш билан шуғулланувчи махсус бўлим ҳам ташкил этилган.

Унинг қайд этишича, республика бўйсунувидаги шаҳарлар таркибида ўз бюджетига эга алоҳида маъмурий-ҳудудий бирликлар бўлиши керак. Бугунги кунда Тошкент республика бўйсунувидаги шаҳар мақомига тўлақонли жавоб берадиган ягона аҳоли пункти ҳисобланади. Унинг мақоми вилоятларники билан тенг, пойтахт таркибида ўзининг алоҳида бюджетига эга 12 та туман бор.

Агар республика бўйсунувидаги шаҳар вилоят таркибидан чиқарилса, у ҳолда вилоятларнинг янги маъмурий марказлари ташкил этиладими? Бу масала ҳам тартибга солинмаган.

Вилоят — республикага бўйсунувчи маъмурий-ҳудудий бирликдир. Вилоят маркази вилоятга бўйсуниши керак. Республика бўйсунувидаги шаҳар вилоят маркази бўла олмайди, деб ҳисоблайди Леонид Хван.

«2018 йили [Қозоғистон собиқ президенти Нурсултон] Назарбоев Чимкентни республика бўйсунувидаги шаҳар деб эълон қилганидан сўнг, Туркистон шаҳри Туркистон вилоятининг марказига айланди», — дея мисол келтиради у.

2017 йили Нурафшон шаҳри Тошкент вилоятининг маъмурий марказига айланди (бунгача вилоятнинг маъмурий маркази йўқ эди). Вилоят идораларининг бари Тошкентдан ўша ерга кўчирилди.

Наманган вилоятида назарий жиҳатдан янги марказ пайдо бўлиши мумкин, бироқ Самарқанд — вилоят маркази сифатида сиёсий аҳамиятга эга шаҳар, деб ҳисоблайди эксперт.

Шаҳарлар мақомининг ўзгаришидан Самарқанд ва Наманганнинг ҳар бир аҳолиси қанчалик фойда кўради, деган савол ҳам долзарблигича қолмоқда. Леонид Хваннинг фикрича, ҳукумат мақом ўзгариши билан боғлиқ харажат ва даромадларни инобатга олган бундай қарорнинг иқтисодий асосини тайёрлаб қўйган бўлиши мумкин. Аммо жамоатчилик ушбу таклифнинг асосий тезисларидан бехабар, 2019 йилги шундай қарор (олти шаҳар ва бир шаҳарчанинг республика бўйсунувига ўтказилиши) самараси эса фуқаролар учун номаълумлигича қолмоқда.

Ўзбекистоннинг маъмурий-ҳудудий тузилиши тўғрисидаги қонунда ҳам бу ҳақда маълумот йўқ ва у шаҳарни республика бўйсунувига ўтказгандан сўнг унинг молиялаштирилиши қанчалик ўзгаришини, бу унинг аввалги мақомидан қанчалик яхши ё ёмонлигини баҳолаш имконини бермайди.

Экспертнинг тахминича, Самарқанд ва Наманган ҳукуматнинг «йўл хариталари» ёки манзилли «давлат ривожланиш дастурлари» орқали тараққиёт учун янги импульсга, яъни, қўшимча капитал қўйилмаларга эга бўлади. Бундай молиялаштириш, экспертнинг фикрича, ушбу шаҳарларнинг ижтимоий-иқтисодий ва маданий ўсиш имкониятларини сезиларли оширади, албатта.

«Чирчиқ, Бекобод ва бошқа шаҳарлардаги ҳаётга қараб, улар республика бўйсунувидаги шаҳарга айланди, деб айтиб бўлмайди. Улар қандай мураккаб бўлса, шундайлигича қолган», — дея таъкидлади Леонид Хван.

Янги мақом бериши мумкин бўлган энг асосий нарса, эҳтимол, ишларни республика бошқарув органлари билан мувофиқлаштирилишининг яхшиланишидир. Бу амалда шаҳар расмийларининг маъмурий салоҳиятини оширади. Тошкент билан тўғридан-тўғри алоқа йўлга қўйилиши натижасида шаҳар раҳбарлари олдига қўйилган ҳар қандай вазифани тезроқ ва самаралироқ ҳал қилиш имкони пайдо бўлади. Ушбу шаҳарлар иқтисодиётининг рақобатбардошлиги ҳам табиий равишда ошади, деб тахмин қилмоқда эксперт.

«Умуман олганда, янги мақом яқин йилларда шаҳар расмийларининг инвестициявий жиҳатдан имкониятларига, уларнинг субвенцияларга боғлиқлигини қисқартириш бўйича чора-тадбирлар кўришига ижобий таъсир қилади», — деб ҳисоблайди Леонид Хван.

Бюджет тақсимотининг бевосита шаҳар ичида амалга оширилиши ҳам Самарқанд ва Наманганнинг муҳандислик, йўл-транспорт ва телекоммуникация инфратузилмаларини ривожлантириш бўйича имкониятларини ўзгартиради, дея қайд этиб ўтди эксперт.

Бироқ ушбу шаҳарларнинг маъмурий бўйсунувини ўзгартириш жараёни бўйича савол очиқ қолмоқда. 2019 йилги амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, мамлакатнинг маъмурий-ҳудудий тузилишини ўзгартириш жараёни ёпиқ кечиши ва тугалланмай қолиши мумкин, бундан қандай самара бўлиши эса ноаниқ, дея хулоса қилди Леонид Хван.