20 декабрь куни президент парламент ва халққа йўллаган мурожаатномасида Самарқанд ва Наманган шаҳарларини алоҳида маъмурий-ҳудудий бирликлар сифатида республика бўйсунувига ўтказишни таклиф қилди. Бу ҳақда «Газета.uz»нинг ҳукуматдаги ахборот манбаси маълум қилди.

«Маъмурий ислоҳотлар доирасида яна бир муҳим ташаббусни илгари сурмоқчиман. Ҳозирга келиб Марказий Осиёда аҳолиси миллиондан ортиқ шаҳарлар 7 тага етди. Минтақамизда пойтахтлар билан бир қаторда, бошқа йирик шаҳарлар ҳам «ўсиш нуқталари»га айланмоқда. Булар орасида Самарқанд ва Наманган шаҳарлари ҳам бор. Уларнинг ҳар бирида аҳоли сони бир миллионга етмоқда», — деди президент ўз нутқида.

Шунингдек, давлат раҳбари иккала шаҳарда ҳам улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилаётгани, Самарқанд шаҳри дунё танийдиган мегаполисга, халқаро туризм ва бизнес марказига айлангани, Наманган ҳам саноат, тадбиркорлик, таълим, маданият соҳаларида минтақавий марказ сифатида ўз ўрнини топаётганини қайд этди.

«Самарқанд ва Наманган шаҳарларини алоҳида маъмурий-ҳудудий бирликлар сифатида республика бўйсунувига ўтказишни таклиф қиламан», дея таклиф берди Шавкат Мирзиёев.

Ушбу вилоят ҳокимлари фақат йирик шаҳарлар билан эмас, туманларда шароитларни яхшилаш бўйича ҳам ишлаши талаб этилади.

Ҳар иккала шаҳарни ривожлантириш дастури Вазирлар Маҳкамасида тасдиқланиб, уларнинг ижроси учун бевосита Бош вазир жавоб беради, дея таъкидлади давлат раҳбари.