Тошкентнинг Яшнобод туманидаги «Илтифот» маҳалласида қимматбаҳо бўлган дарахтларнинг ноқонуний равишда таг қисмидан кесиб ташланиши оқибатида ўсимлик дунёсига 3,51 млрд сўмлик зарар етказилгани хабар қилинганди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаевнинг маълум қилишича, дарахт кесганлардан 3 млрд 514 млн 200 минг сўм маблағ ундирилди.

Тошкент шаҳар прокуратураси ташаббуси билан Яшнобод тумани Илтифот кўчаси 29-уй манзилида 105 туп дарахтни ноқонуний кесиб ташлаган Yangi Zamon Bino компаниясидан етказилган зарар ҳамда молиявий жарима сифатида ҳисобланган жами 3 514 200 сўм миқдоридаги маблағ нақд пул шаклида ундирилди.

Прокуратура талаби билан дарахтлар кесиб ташланган ушбу қурилиш майдони ўрнида МЧЖ томонидан 200 туп ноёб ва қимматбаҳо манзарали дарахтлар эктирилмоқда.

Фото: Расул Кушербаев

Маълумот ўрнида, ҳолат юзасидан прокуратура томонидан МЧЖ мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 198-моддаси 3-қисми ҳамда бошқа, жумладан экология ходимларига қаршилик кўрсатиб, куч ишлатгани бўйича Жиноят кодексининг 219-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

«Қонунбузар тадбиркордан қурилиш учун ажратилган ер майдонини давлат захираси қайтариш чоралари ҳам кўрилмоқда», — деб ёзади депутат.

Аввалроқ депутат Расул Кушербаев Тошкентда бизнесменлар учун ажратилган ва девор-тўсиқлар билан ўраб олинган ҳудудларда 5 мингга яқин дарахт йўқ бўлиб кетиш хавфи остида тургани ҳақида маълум қилган эди. Унинг фикрича, ер ажратиш ҳақидаги қарорларни чиқартириш «шунчаки бўлмайди». У ҳокимларнинг бундай қарорларининг барчасини бекор қилиш кераклигини, чунки дарахтларни кесишга қарши мораторийга барибир амал қилинмаётганини таъкидлаган эди.