Тошкентда тадбиркорларга ажратилган ерлардаги 5 минг туп дарахт кесиш хавфи остида турибди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Расул Кушербоев Kun.uz нашрига берган интервьюсида маълум қилди.

Чилонзор тумани

8 сентябрь куни Чилонзор ва Учтепа туманларида бир-бирига чегарадош ҳудудда 100 туп дарахт кесилиб, қуритилгани маълум бўлган эди.

Чилонзор туман прокуратураси биноси олдида Dream House Stroy компаниясига ажратилган 0,2 гектар ер майдонидаги 58 туп кўп йиллик дарахт (юқоридаги расм) бир кечада кесилган. Мазкур факт юзасидан прокуратура томонидан жиноят иши қўзғатилди. Кейинги куни прокуратура қурувчидан қарийб 800 млн сўмлик зарар ундирилгани, шунингдек, уч нафар гумонланувчи қўлга олинганини маълум қилди.

Расул Кушербаев аввалроқ мазкур ҳудуддаги дарахтларни кесишга уринишганидан сўнг улар ҳимоя остига олинган эди.

«Мана бу ўралган жой олиб ташланган эди. Лекин Dream House Stroy бу ерга бир нарса қурмоқчи экан, очиқчасига келиб яна ўраб олишди. Фуқаролардан сўрадик, дарахтларни бир-икки кунда кесиб ташлашди дейишди кечаси билан. Қизиғи, бунинг рўпарасида туман прокуратураси жойлашган. Кўзининг тагида бўляпти бу иш. Кўряпсизми, марказда шу иш бўляпти. Энди чет жойларда қанақа аҳвол, тасаввур қилса ҳам бўлаверади», — деди парламентарий.

Унинг фикрича, янги раҳбарият келгани билан (аввалгиси худди шу кўчада, бўлиб ҳам прокуратуранинг рўпарасида 100 туп дарахтнинг илдизига шикаст етказганидан кейин ишдан бўшатилган эди) Чилонзор туманида ҳеч нарса ўзгармаган, аксинча, бундан ҳам ёмонлашган.

Кесилган ўсимликлар ўрнига ёш дарахтлар экилган, бироқ уларнинг келажакда сақланиб қолишига ҳеч ким кафолат бера олмайди, чунки шаҳар ҳокимининг ер ажратиш ҳақидаги қарори ўз кучида қолади, деди Расул Кушербаев.

Ўзбекистон Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг маълум қилишича, қурувчи участкадаги дарахтларни кесишга йўл қўйилмаслиги тўғрисида хабардор қилинган ва дарахтларни сақлаб қолиш тўғрисида кафолат хати олинган. 17 февралда компания дарахтларни кесиш учун ариза топширди, пойтахт Экология бошқармаси буни рад этди. Бироқ бу ишлаб чиқувчини тўхтата олмади.

Тошкент шаҳар Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Фарҳод Деҳқонов (унинг жиноий иш қўзғатилиб, ҳибсга олингани ва кейинчалик ҳибсдан озод этилгани ҳақида ёзган эдик) экологлар дарахтларни хатловдан ўтказиб, қурувчини дарахтларни кесишга йўл қўйилмаслиги ҳақида огоҳлантирганини айтди. .

«Бундан ташқари, экологлар икки-уч марта келиб, визуал назорат ўтказиш учун деворни очиб қўйиш бўйича кўрсатмалар беришган, девор очиб ҳам қўйилган. Лекин тадбиркор тўрт томонини қайтадан ўраб, ҳудудга киришни ҳар томонлама чеклаб қўйган ва нима қилса ўзининг ҳудудида, ичкарида қилган. Унга нисбатан қонунда белгиланган тартибда жазо чоралари қўлланилади. Бу жазо чоралари бошқа тадбиркорлик субъектларига ҳам ўрнак бўлади, деган умиддаман», — деди у ҳибсга олинишидан бир кун аввал.

Экология партияси вакили Улуғбек Пирмуҳаммедовнинг айтишича, ушбу участка Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг 2020 йил 3 сентябрдаги қарори билан ажратилган.

«Буни [деворларни] очтириш иши бўйича қандайдир нормативлар қўлланилмаса, очтириш масаласи муаммо бўлади. Аслида шу ўраб олишининг ўзи ҳам ноқонуний. Қонунда бирор жойда кўрсатилмаган объектнинг атрофи 6 ёки 7 метр баландликда ўраб олинсин, деб. Лекин, барибир, ўраб олган-да. Қурилиш объектларининг деворларини 2 метрдан ошмайдиган қилиб норматив ишлаб чиқишимиз керак. Ўшанда ичкаридаги дарахтнинг ҳолатини билоламиз», — деди қўмита раиси ўринбосари.

Учтепа тумани

Мазкур туманда Лутфий ва Катта Хирмонтепа кўчалари кесишмасида ўралган майдонда 42 туп дарахт қуриб қолган. 2020 йил 21 февралда (дарахтларни кесишга мораторий жорий қилинган даврда) Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев қарори билан Goroda Stroy 1 га ер участкасини олган.

8 сентябрь куни участкага ташриф буюрган Расул Кушербаев 42 туп дарахтдан 27 тупи ўзбошимчалик билан бошқа жойга кўчирилганини ёзди. Ўсимлик дунёсига етказилган зарар 425,1 млн сўмни ташкил этади. Экология бошқармаси томонидан ҳужжатлар тайёрланиб, прокуратурага топширилди. Мазкур ҳолат юзасидан Бош прокуратура Жиноят кодексининг 198-моддаси 3-қисми (ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни қонунга хилоф равишда кесиш кўп миқдорда зарар етказилишига сабаб бўлса) билан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.

«Қандай қилиб дарахт бор жойни бериб юборган, мен тушунмадим. Сизлар буни кўриб шаҳар ҳокимиятига чиқмаганмисизлар бекор қилинг, бу ерда дарахтлар жойлашган деб?» — деб сўради депутат. Учтепа тумани ҳокимининг архитектура, капитал қурилиш ва коммуникацияларни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари вазифасини бажарувчи Нурали Исматов ер участкасига эгалик ҳуқуқини сақлаб қўйиш ва ўтказиш тўғрисидаги қарор ҳали чиқмаганлигини кўрсатди. Тўсиқларни демонтаж қилишга ваъда берди.

Депутат ҳокимлик дарахтлар борлигини билиб туриб тадбиркорга қурилиш учун ер ажратиб бераётганини қайд этди.

«Мораторий ишлаётганига деярли уч йил бўлди. Бу ерда эса ҳокимият томонидан мана бундай қарорларни чиқариш тўхтамаяпти. Чиққанларга нисбатан ҳеч қандай муносабат бўлмаяпти», — деди у.

Депутат Экология давлат қўмитаси масъулларига таяниб, Тошкентда худди шундай деворлар билан ўраб олинган ҳудудларда 5 мингга яқин дарахт йўқ бўлиб кетиш хавфи остида эканини айтди.

«Бунинг тагида нима ётибди? Тошкентда ер тиллага тенг, у пул туради. Кимгадир қарор чиқариб беради ёки ажратиб беради, у шунчаки бўлмайди. Бунинг тагида моддий манфаатдорлик бор. Буни Тошкентда жинни ҳам билади. Лекин мораторий талаби бўляпти, дарахтларни кесиш, ўзбошимчалик билан кўчириш тақиқланяпти. Нима қилиш керак? Бу қарорларнинг ҳаммасини бекор қилиш керак. У ерда дарахт бор. У ерда давлатнинг, жамиятнинг келажаги бор. Лекин ҳалигача бекор қилинмаган. Кўряптики ҳаммаси кучда турибди. Кўряптики, демак, мораторийга амал қилиш режада йўқ. Кўздан панада, одамлардан яшириб-яшириб мана шунақа қуритиб, кесиб ташлаб, барибир шу қурилишни қилиш мақсади бор», — деди депутат.

Халқ депутатлари Учтепа тумани Кенгаши депутати Нуриддин Зайниддиновнинг айтишича, Goroda Stroy ер участкасини олгач, бизнес маркази, болалар майдончаси ва кўчма дўконлар қуришни маълум қилган.

«Ўша пайтда бизга дарахтлар кетмайди, биттаси ҳам кесилмайди, деб ваъда беришган эди. Ҳозир кўриб турибмизки, дарахтларни кўчириш баҳонасида дарахтлар нобуд қилинган. 50 га яқин дарахт йўқ қилинган. Аҳоли эътирозлари тўғри бўлиб чиқди. Биз ҳақ бўлиб чиқдик. Туман ҳокимлигининг ҳам, масъулларининг ҳам, Тошкент шаҳар ҳокимлиги масъулларининг ҳам позициясини тушунаман. Бу ерда парк бўлади деб ваъда қилинган бир ярим йил аввал. Ўртасига самолёт қўйилади дейишди. Кейин яна қандайдир инвестиция лойиҳалари пайдо бўлди, орқасидан Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори келиб чиқяпти. Унинг ортидан ҳудуд ўраб олиняпти. Бир гектардан ортиқ катта ҳудуд ўраб олинган. Ва дарахтлар нобун қилиняпти кўчириш баҳонасида. Ҳеч ким кўрмаганми, ҳеч ким билмасмиди бу ҳолатни?» — деб сўради Нуриддин Зайниддинов.

Нуриддин Зайниддинов фаоллар бир ярим йилдан буён муаммо ҳақида бонг уриб келаётгани, лекин масъуллар томонидан чора кўрилмаганини таъкидлади. Депутат ҳозир бу ерда истироҳат боғи ташкил этиш режалари эълон қилинаётганини, бироқ бу ҳолатда Тошкент ҳокими ер ажратиш ҳақидаги қарорини бекор қилиши кераклигини қайд этди.

КТЯДР маълумотларига кўра, Dream House Stroy 2017 йил декабрь ойида 10 млн сўм устав капитали билан Тошкентда рўйхатга олинган. Фаолият тури — «тўқимачилик, тўқувчилик ва трикотаж саноати машиналарининг улгуржи савдоси». Таъсисчиси Козимжон Ғуломжон ўғли Тўрабоев (100%), раҳбари Светлана Геннадиевна Биюнова («Capital qurilish-tamirlash birlashmasi» МЧЖ раҳбари сифатида ҳам кўрсатилган).

Goroda Stroy ҳам 2017 йилнинг декабрида 7 млн сўм устав капитали билан пойтахтда рўйхатга олинган. Фаолият тури — «бўёқчилик ва шиша ишлари». Муассислар Исмоил Илҳамович Алимов (75%) ва Миржамол Миранварович Мирсагатов (25%). Биринчи тадбиркор Master Building Capital, Innovative Labels Group, Roofing System, Umid Capital Business Invest, Perfect Block Stone, Gravel Sand Factory. Global Bum, Ravnaq-Omad-Biznes ва X K Mirano-Mebel, иккинчиси эса Yaks Elit Zuxal, Mastura Build Up ва Travellux компанияларида ҳам улушларга эга.