Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманидаги «Илтифот» маҳалласида 16 та дарахт кесиб ташланган. Қимматбаҳо бўлган дарахтларнинг ноқонуний равишда таг қисмидан кесиб ташланиши оқибатида ўсимлик дунёсига 3,51 млрд сўмлик зарар етказилган, дея хабар бермоқда Давлат экология қўмитаси матбуот хизмати.


Фото: Расул Кушербаев.

Куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев тўққиз қаватли уйлардан иборат Assalom Havo турар жой мажмуасининг қурилиш жойида дарахтлар кесиб ташлангани ҳақида хабар берган эди. Объект паспортига кўра, иншоот буюртмачиси ва пудратчиси Yangi Zamon Bino компанияси ҳисобланади.

КТЯДР маълумотларига кўра, Yangi Zamon Bino компанияси 2016 йилнинг 14 ноябрь куни рўйхатга олинган. Unique Trade Business (50 фоиз) ва «Ўзбекистон темир йўллари» (50 фоиз) мазкур қурилиш компаниясининг муассислари ҳисобланади.

Ўз навбатида, Unique Trade Business компаниясининг 99 фоиз улуши Golden House Development компаниясига тегишли, қолган 1 фоизи Борис Яковлевга расмийлаштирилган.

Фото: Давлат экология қўмитаси

Давлат экология қўмитаси томонидан Яшнобод туман ҳокими Бахтиёр Раҳмонқулов, туман прокуратураси, туман ИИБ ҳамда Миллий гвардия ходимлари билан ҳамкорликда ҳудудда ўтказилган ўрганиш давомида «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги қонун бузилганини аниқлади ва ўсимлик дунёсига етказилган зарарни 3 млрд 514,2 млн сўмга баҳолади.

Қўмита ахборотига кўра, тўпланган материаллар туман прокуратурасига тақдим этилган. Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг маълум қилишича, ҳолат юзасидан Яшнобод тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 198-моддаси 3-қисми (экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни шикастлантириш ёхуд нобуд қилиш) ва бошқа моддалар билан жиноят иши қўзғатилган.

Маълумот учун, Жиноят кодексининг 198-моддаси 3-қисми билан айбдор деб топилганлар базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ)нинг 150 баравари (19 ноябрь ҳолатига 45 млн сўм)дан 200 баравари (60 млн сўм)гача миқдорида жарима ёки 300 соатдан 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Аввалроқ депутат Расул Кушербаев Тошкентда бизнесменлар учун ажратилган ва девор-тўсиқлар билан ўраб олинган ҳудудларда 5 мингга яқин дарахт йўқ бўлиб кетиш хавфи остида тургани ҳақида маълум қилган эди. Унинг фикрича, ер ажратиш ҳақидаги қарорларни чиқартириш «шунчаки бўлмайди». У ҳокимларнинг бундай қарорларининг барчасини бекор қилиш кераклигини, чунки дарахтларни кесишга қарши мораторийга барибир амал қилинмаётганини таъкидлаган эди.