Ўзбекистон Европа Иттифоқида келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган Россия миллиардери Алишер Усмонов ва унинг синглиси Гулбаҳор Исмоиловага нисбатан жорий этилган санкцияларни бекор қилиш бўйича лоббини илгари сурмоқда. Бу ҳақда, муҳокамалардан хабардор манбаларга таяниб, Financial Times ёзмоқда.

Алишер Усмонов февраль ойида Россия Украинага бостириб кирган илк кунларда Европа Иттифоқининг санкцияларига тушган дастлабки 26 россияликдан бири эди. Санкция рўйхатида қайд этилишича, Алишер Усмонов Қримнинг аннексия қилиниши ва Украинани беқарорлаштиришга масъул бўлган Россия Федерацияси расмийларини қўллаб-қувватлаган бўлиши мумкин.

Унинг синглиси Гулбаҳор Исмоилова эса Усмоновнинг бир қатор мулклари, хусусан, 600 миллион долларлик «Дилбар» яхтасининг эгаси бўлгани боис санкцияларга тушган.

Нашр суҳбатдошларининг сўзларига кўра, Ўзбекистон расмийлари Европа Иттифоқи вакиллари билан учрашувларда Усмоновга нисбатан жорий этилган санкциялардан хавотир билдирган. Тошкентнинг таъкидлашича, тадбиркорга қарши санкциялар, жумладан, мулкларининг музлатиб қўйилиши ва сафарларнинг тақиқланиши миллиардер бойлигининг бир қисмини Ўзбекистон иқтисодиётига инвестиция қилиб киритиш имкониятларини чеклаб қўйган, деб ёзади FT.

Нашрнинг қайд этишича, агар Европа Иттифоқи санкцияларни бекор қилишдан бош тортса, Брюсселга қарши судда Тошкент Алишер Усмоновга юридик ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги FT’нинг ушбу ҳолат юзасидан изоҳ бериш тўғрисидаги сўровларига жавоб бермаган. Усмоновнинг вакили эса Ўзбекистон ҳукуматининг ҳаракатларига изоҳ бера олмаслигини маълум қилган, бироқ санкциялар «ҳақиқатан ҳам инвестиция ва хайрия лойиҳаларига халал бераётгани»ни тан олган.

Европа Иттифоқи Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари билан янада мустаҳкам алоқалар ўрнатишга интилмоқда, чунки минтақа Украинадаги уруш таъсирида Россия билан муносабатларини қайта кўриб чиқмоқда. Бироқ, Financial Times суҳбатлашган бир неча европалик амалдорларнинг маълум қилишича, Усмонов ва Исмоиловага нисбатан санкцияларнинг бекор қилиниши томон ташланган ва Европа Иттифоқининг барча 27 аъзоси якдил розилигини талаб қилувчи ҳар қандай қадам ҳозирда санциялар остида қолаётган ва икки фуқароликка эга бошқа ўнлаб россиялик олигархлар бўйича ҳам мунозараларни юзага келтириши мумкин.

Европа Иттифоқининг санкциялар ҳақидаги ҳужжатида ёзилишича, Алишер Усмонов — «Россия президенти Владимир Путинга айниқса яқин бўлган кремплпараст олигархдир».

«Уни Владимир Путиннинг севимли олигархларидан бири деб аташади. У молиявий оқимларга хизмат кўрсатиш ишониб топширилган россиялик амалдор-бизнесменлардан биридир, аммо у кабиларнинг аҳволи президентнинг иродасига боғлиқ», — дейилади Европа Иттифоқининг санкция рўйхатида.

Алишер Усмонов (бойлиги — 14,6 миллиард доллар) — USM холдинги асосчиси ва унинг асосий акциядори (49 фоиз). «Металлоинвест» ва «Мегафон» компаниялари USM’га тегишли.

Бизнесмен Ўзбекистонда Ислом цивилизация маркази қурилишини молиялаштирмоқда, Ўзбекистоннинг маданий меросини сақлаб қолиш бўйича лойиҳаларни, хусусан, модернизм архитектурасини регенерация қилиш бўйича ташаббусларни қўллаб-қувватламоқда. У билан боғлиқ Россия компаниялари «Капиталбанк», «Оҳангаронцемент», Тошкент металлургия заводи, Ucell ва бошқа ўзбек ширкатларидаги улушларни сотиб олган, шунингдек, маҳсулотларни маркировкалаш ва кузатишни мониторинг қилиш бўйича «Асл белгиси» тизими ишида қатнашмоқда.