Россиянинг Akkermann Cement ширкати шўба корхонаси Akkermann Cement CA «Оҳангаронцэмент» цемент заводининг 98,6 фоиз улушига эга бўлди, дея хабар берди компания матбуот хизмати «Газета.uz»га.

Akkermann Cement бренди остида бирлашган компаниялар гуруҳи тадбиркор Алишер Усмоновга қарашли Россиянинг кўп тармоқли USM ҳолдинги таркибига киради. 2021 йилда Akkermann Cement 4 миллион тоннага яқин цемент ишлаб чиқарган. Компаниянинг асосий активлари Новотроицк ва Горнозаводскдаги цемент заводлари бўлиб, энди уларга «Оҳангаронцэмент» ҳам қўшилди.

2021 йил охирида «Оҳангаронцэмент» қуруқ усулда йилига 2,5 млн тонна цемент ишлаб чиқариш қувватига эга линиясини ишга туширди.

«Янги линия технологлар ва техник хизмат кўрсатувчи ходимлардан юқори малака ҳамда ишлаб чиқариш тажрибасини талаб қилади. Akkermann Cement бундай замонавий линияларни самарали бошқариш бўйича муваффақиятли тажрибага эга», — дейилади компания хабарида.

Akkermann Cement компанияси директорлар кенгаши раиси Антон Селявко «Оҳангаронцэмент»га сармоя киритилиши, «Ўзбекистондаги барча USM инвестициялари каби, биринчи навбатда, USMнинг асосий акциядори Алишер Усмоновнинг кичик ватани бўлмиш ушбу давлатни ривожлантиришга қаратилганини» таъкидлади.

«Бу ерда олинадиган барча даромад Ўзбекистонда қолади ва республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга йўналтирилади. Бунда биз катта салоҳиятни кўряпмиз. Аҳоли сони ортиб бораётгани, юқори сифатли янги уй-жойларга бўлган талаб, келажакда — ипотека кредитлаш орқали истеъмол талабини қўллаб-қувватлаш, буларнинг барчаси цемент истеъмолининг ўсишига хизмат қилади», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, ўтган йили Ўзбекистонда цемент бозори қувват профицити ҳамда халқаро (Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон) ишлаб чиқарувчилар ўртасидаги юқори рақобат фазасига ўтган.

«Россиядаги цемент бозори 2015 йилдан бери ортиқча қувват босқичида эди. Бундай шароитда Akkermann Cement яхши натижалар кўрсатиб, ишлаб чиқариш ва сотишни самарали ташкил этиш бўйича тажриба тўплади, бу Ўзбекистонда қўлланилади», — деди Антон Селявко.

Битим Газпромбанк томонидан молиялаштирилган ҳолда амалга оширилди.

Аввалроқ «Газета.uz», Кипрнинг Lamanka Enterprises Limited ҳамда Буюк Британиянинг Виржиния оролларидаги Giacinttar Limited компаниялари «Оҳангаронцэмент» заводидаги улушлари сотувга чиқарилганини маълум қилган эди. Акциялар пакети 1,88 трлн сўмга баҳоланган.

USM — металлургия ва тоғ-кон саноати, телекоммуникация ва технология соҳаларидаги активларга эгалик қилувчи ва уларни бошқарадиган Россиянинг холдинг компанияси. Гуруҳ активларига «Металлоинвест», «МегаФон» ва «Удоканская медь» каби етакчи саноат компаниялари киради. USM «Илғор технологияларни ривожлантириш маркази» (CRPT) акциядори ҳисобланади. USM Россияда рўйхатдан ўтган. Ҳолдингнинг асосий акциядорлари Алишер Усмонов, Владимир Скоч, Варвара Скоч, Фарҳод Мошири ва Иван Стрешинский ҳисобланади.