USM ҳолдинги асосчиси, россиялик тадбиркор Алишер Усмонов Халқаро қиличбозлик федерацияси президенти лавозимини «адолат тикланмагунча» тўхтатди. Бу ҳақда федерация сайтидаги баёнотда маълум қилинди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Европа Иттифоқи Россиянинг Украинадаги ҳарбий операцияларига алоқадор дея ҳисоблаган россиялик миллиардер Алишер Усмонов, бошқа энг бой россияликлар ва Россия компаниялари раҳбарларига санкциялар киритди.

«2022 йил 28 февраль куни мен Европа Иттифоқи томонидан жорий қилинган чеклов чоралари нишонига айландим. Мен бундай қарорни адолатсиз деб ҳисоблайман. Санкцияларга менинг шаъним, қадр-қимматим ва бизнесдаги нуфузимга путур етказувчи бир қанча сохта даъволар ва туҳматлар асос қилиб келтириляпти. Мен ўз шаъним ва обрўимни ҳимоя қилиш учун барча қонуний воситалардан фойдаланаман», — дейилади баёнотда.

2021 йилнинг ноябрида Алишер Усмонов учинчи маротаба Халқаро қиличбозлик федерацияси президентлигига сайланган эди. У ташкилотга 2008 йилда раҳбарлик қила бошлаган, 2012 ва 2016 йилларда қайта сайланган.

Алишер Усмонов (соф бойлиги — 15,3 млрд доллар) USM ҳолдингнинг асосчиси ва асосий акциядори (49%) ҳисобланади. USM «Металлоинвест» ва «Мегафон» компанияларига эгалик қилади. 2021 йил декабрь ойида ҳолдинг «МФ Технологии» (VK, собиқ Mail.ru Group) компаниясидаги 57 фоизлик улушини «Газпром» билан боғлиқ СОГАЗ компаниялар гуруҳига сотди.

Алишер Усмонов Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази қурилишини молиялаштирмоқда, шунингдек, Ўзбекистон маданий меросини сақлаб қолиш, шу жумладан, Тошкентда модернизм меъморчилигини қайта тиклаш бўйича лойиҳаларни қўллаб-қувватламоқда. У билан алоқадор бўлган Россия компаниялари яқинда «Капиталбанк» ва «Оҳангаронцемент» акцияларини қўлга киритган эди.

Европа Иттифоқининг санкциялар ҳужжатида айтилишича, Усмонов — «кремлни қўллаб-қувватловчи олигарх, айниқса Россия президенти Владимир Путинга яқин».

«Уни Владимир Путиннинг севимли олигархларидан бири деб аташади. У молиявий оқимларни таъминлаш ишониб топширилган россиялик ишбилармон-амалдорлардан бири ҳисобланади, аммо уларнинг позицияси президентнинг хоҳишига боғлиқ», — дейилади ЕИ ҳужжатида.

«Шу билан бирга, у Қримнинг аннекция қилиниши ва Украинадаги беқарорлик учун масъул бўлган россиялик қарор қабул қилувчиларни моддий ёки молиявий жиҳатдан фаол қўллаб-қувватлаган», — дея ҳисоблайди Евроиттифоқ.