USM холдинг таркибига кирувчи Металлоинвест компанияси 2022 йилда Тошкент металлургия заводи акциядорига айланди. Бу ҳақда компания бош директори Нозим Эфендиев Тошкентда бўлиб ўтаётган «Иннопром. Марказий Осиё» халқаро саноат кўргазмасидаги чиқишида маълум қилди, хабар берди «Коммерсантъ».

Компания вакили битим тафсилотларни ошкор қилмаган, аммо «Металлоинвест» Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси билан ҳамкорликда ишлаб чиқаришни бошқаришини қўшимча қилган.

Эфендиев Ўзбекистоннинг металлургия саноатидаги улкан салоҳиятини қайд этди. Бироқ бунга логистика билан боғлиқ қийинчиликлар — денгиз портлари ва «кучли савдо бозорлари»дан узоқлиги тўсқинлик қилаётганини таъкидлади.

Шунингдек, у Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги темир йўл тарифларидан шикоят қилди. Ярим тайёр маҳсулотларни ташиш ҳар бир чегарани кесиб ўтиши билан нарх кўтарилади, деди у Россия саноат ва савдо вазири Денис Мантуровга.

«Мен россиялик ишлаб чиқарувчиларни бу ерга олиб келишга ундайдиган адолатли, бир хил тариф бўлишини истайман», — дея қўшимча қилди Эфендиев.

«Металлоинвест» раҳбари «Ўзбекистон темир йўллари» раҳбарияти билан тарифлар масаласини муҳокама қилишни режалаштирмоқда. Ўзбекистон бош вазири ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков бунга жавобан ҳукумат муаммони ўрганишини, темирйўлчилар эса бу ҳақда маълумот беришини ваъда қилган.

USM Ўзбекистонда

Алишер Усмонов холдинги Ўзбекистон бозоридаги бир қанча лойиҳаларда иштирок этмоқда. У Digital Holding ҚК ҳамтаъсисчиси сифатида фаолият юритади. Мазкур компания таркибига 2021 йил сентябрь ойида Ucell уяли алоқа оператори, CRPT Turon товарларни маркалаш тизимининг оператори ва ICS Holding Uzbekistan IT компанияси киритилган.

USMнинг яна бир шўба корхонаси — Akkerman Cement CA эса «Оҳангаронцэмент» заводини сотиб олди. Холдинг тузилмалари «Капиталбанк» акцияларининг назорат пакетини ҳам сотиб олган, бироқ Усмоновга қарши санкциялар қўлланилганидан кейин уни қайта сотишган.

Холдингнинг собиқ бош директори Иван Стрешинский Ўзбекистонга сармоя киритилишини Усмоновнинг ўз мамлакатига ёрдам бериш истаги билан изоҳлади. USM, шунингдек, мамлакатни янада ривожлантириш учун платформа яратишни режалаштирмоқда.