Президент матбуот котиби Шерзод Асадов давлат раҳбарининг ҳафталик иш режасини маълум қилди, дея хабар бермоқда блогер Азиза Қурбонова.

Хусусан, 17 октябрь куни маҳаллаларнинг инфратузилмаси ривожига ажратилган маблағларнинг сарфланишини назорат қилиш механизмлари ҳамда алоҳида топшириқлар ижроси юзасидан мутасадди раҳбарлар, шу жумладан, Бош прокурор давлат раҳбарига ҳисобот беради.

Шунингдек, иш ҳафтаси давомида маъмурий ислоҳотларни амалга ошириш ҳамда қишлоқ хўжалиги стратегиясида белгилаб берилган вазифалар ижросига оид муҳокамалар режалаштирилган.

Президент 20−21 октябрь кунлари давлат ташрифи билан Туркманистонда бўлади. Ташриф давомида икки мамлакат раҳбарларининг тор ва кенгайтирилган таркибдаги музокаралари бўлиб ўтади, уларнинг якунида салмоқли, биринчи навбатда савдо-иқтисодий ҳамкорликка оид ҳужжатлар тўплами имзоланади.

Бундан ташқари, президентлар Ашхобод шаҳрида барпо этилган «Тошкент» боғининг тантанали очилиш маросимида иштирок этади. Ўзбекистон — Туркманистон чегараолди савдо зонасини ташкил этиш бўйича қўшма лойиҳани амалга ошириш ишларига старт беради.