Самарқанд шаҳрида икки автобус ҳайдовчи жанжали оқибатида уларнинг бири вафот этди, дея хабар қилмоқда ЙҲХХ.

13 октябрь соат 08:10 ларда Самарқанд шаҳар Мирзо Улуғбек кўчасида ҳаракатланиб кетаётган икки Isuzu автобус ҳайдовчилари ўртасида жанжал келиб чиққан. Жанжал оқибатида иккала ҳайдовчилар оммани ўзига қаратиб, ҳар хил ножўя сўзлар билан бир-бирини ҳақорат қилган.

Шундан сўнг биринчи Isuzu ҳайдовчиси автобусга ўтириб, ҳаракатни бошлаган, иккинчи ҳайдовчи эса автобус ён ойнасига осилиб қолган. Ҳаракат давомида осилиб қолган ҳайдовчи ерга йиқилган ва автобус тагида қолиб, вафот этган.

Биринчи ҳайдовчи воқеа тафсилотларини қуйидагича баён қилди.

«Бекатга келиб тўхтаганимдан кейин 35-йўналиш олдимга келиб, йўлимни ёпди. Шу вақт ҳайдовчи томон ён ойнамга тегиб синдирди. Ойнамни қилиб бер, десам, мен синдирмадим, деди. Кейин мен ҳам уни ойнасини синдирдим. Автобусга ўтириб ҳаракатланиб кетаётганимда у келиб ён ойнага осилиб олди. Мен тўхтамай ҳайдаб кетавердим. Шу вақт ойна жойидан чиқиб кетди ва у ерга йиқилиб тушди. Ерга йиқилгандан кейин уни босганимни ҳам, урганимни ҳам сезмадим. Айбимни бўйнимга оламан», — деди у.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.