Ўзбекистон ҳукуматининг ягона мажбурий мактаб формасини жорий этиш режаси беш йилдан буён кенг жамоатчилик норозиликлари туфайли амалга ошмай келмоқда. 2018 йилдаёқ ҳукумат тасдиқланган мактаб формаси 2022 йилнинг май ойига келиб яна долзарб масалалар қаторига кўтарилди.

19 май куни ҳукумат 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб ўқувчилар учун ягона мактаб формасини тўлиқ жорий этишга қарор қилди. Бироқ жамоатчилик яна эътироз билдира бошлади, воқеалар ривожида халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов баёнот билан чиқиб, янги ўқув йилидан бошлаб ягона мактаб формаси мажбурий бўлмаслигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, мослашув жараёни учун маълум вақт кераклигини инобатга олиб, ягона мактаб формаси 2025 йилга қадар босқичма-босқич жорий этиб борилади.

Самарқандда ШҲТ саммити бошланишидан бироз олдин Тошкентдаги 142-мактабда ИИБ ходимлари назорат тадбири ўтказиб, ўқувчиларга соч турмаги учун танбеҳ берди ва 2 смгача қисқартиришни буюрди. Мактаб директори эса ўқувчилардан бирини кўк кўйлак кийиб келгани учун койиб берди ва ундан форма талаб қилди.

Мазкур воқеалар ортидан «Газета.uz» мухбири Миролим Исажонов яқин қўшни ва узоқ ҳамкор давлатларда мактаб ўқувчиларининг формасига қандай талаблар қўйилгани билан қизиқди. Мухбир дунёнинг турли нуқталарида яшаётган ва фарзандини ушбу мамлакат мактабида ўқитаётган ўзбекистонликлар билан суҳбатлашди.

Эслатма: суҳбатдошларнинг билдирган фикрлари бўйича тартиб ўша давлатнинг бошқа ҳудудида умуман акс кўринишда бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас.

Қирғизистон

Жалолобод вилоятида истиқомат қилувчи Нигора Убайдуллаеванинг таъкидлашича, Қирғизистонда ҳам ота-оналар йил бошидан форма масаласини ҳал қилишга киришди.

Фото: Kaktus Media.

«Ҳамма ўқувчилардан форма кийиш талаб этилади. Аксарият мактабларда форманинг тепаси оқ, пастки қисми қора бўлади. Айрим мактабларнинг ўзини формаси бор ва ота-оналарга мажбуран сотилади. Ўқувчи дарсга спорт услубида кийиниб бориши мумкин эмас, машғулотга киритилмайди. Красовка кийиш ҳам тақиқланган. Қизлар рўмол ўраши мумкин. Адашмасам, Қирғизистондаги ҳамма мактабда рўмолга рухсат бор. Фақат рўмол ранги оқ бўлиши шарт. Ўғил бола ўқувчиларнинг соқол қўйиши ман этилган», — деди ватандош.

Унинг айтишича, ўғил болаларнинг сочи, қизларнинг эса пардозланиши, зираклар тақиши ва соч турмаклари бўйича ўзига хос қоидалар ўрнатилган ҳамда барча мавжуд тартибларга амал қилади.

«Бир болага битта мавсумбоп форма олишга 70−80 доллар кетади. Бир йиллик форма учун эса 150−200 доллар маблағ атрофида сарфлаймиз», — деди Нигора Убайдуллаева.

Қозоғистон

Остона шаҳрида оиласи билан яшайдиган Нодира Ҳабибуллаева Қозоғистонда ҳам мактаб ўқувчилари форма кийиши одатга айланганини қайт этди.

Фото: Zakon.kz.

«Бу мамлакатда ҳам ўқув йили бошидан албатта, форма кийиш анъанаси мавжуд. Ота-оналардан фарзандига форма кийдириш талаб этилади. Соч ўстириш, бўяниш каби ҳолатлар ўқитувчилар томонидан назорат қилиб борилади ва ўқувчининг яқинлари огоҳлантирилади. Аммо қоидаларга амал қилмайдиган ўқувчилар ҳам, боласини тўғри йўлга сола олмайдиган ота-оналар ҳам бор», — деди у.

Нодира Ҳабибуллаеванинг таъкидлашича, ўқувчилар орасида красовка кийиш урфга кирмоқда.

«Хусусий мактаблар кийимга жиддий аҳамият бермайди, у ерда бироз бўлса ҳам эркинлик бор. Бироқ давлат мактаблари формага қаттиқ қарайди. Рўмол ва диний либосларга оид мамлакат қонунлари ҳақида кўп маълумотга эга эмасман. Лекин рўмол ўрайдиган ўқувчи қизларни кўраман, улар кўп эмас», — деди Нодира Ҳабибуллаева.

Тожикистон

Тожикистонлик журналист Озод Мелибоевнинг сўзларига кўра, қўшни мамлакатда ўқувчилар учун мажбурий мактаб формаси йўлга қўйилган. Бу тартиб анча йилдан бери бор. Давлат мактабида ҳам, хусусий мактабларда ҳам ўқувчилар форма кийиши шарт.


Фото: tj.sputniknews.ru.

«Ҳамма мактабнинг ўз формаси мавжуд, бир-биридан фарқ қилади. Ота-оналарнинг ўзи сотиб олади ёки буюртма беради. Одатда мактаблар тикувчилик фирмалари билан ҳамкорлик қилади, кўпроқ ўша корхонадан сотиб олинади. Форма кийиш тартиби жорий этилгач, бошида эътирозларга сабаб бўлганди. Лекин кейинги йилларда деярли муҳокама қилинмаяпти», — деди журналист.

Унинг айтишича, форма нархи 1−4 синфлар учун 230 сомоний, 5−9 синфларга 250 сомоний, 10−11 синфлар учун эса 350 сомонийга тушади. Форма таркибига шим (қиз болалар учун юбка), костюм ва камзул киради.

«Ўқувчиларнинг мактабга рўмол ўраб ҳамда соқол қўйиб келиши тақиқланган», — дея қўшимча қилди Озод Мелибоев.

Туркия

Анқарада истиқомат қилувчи Замира Ҳамидованинг таъкидлашича, Туркияда форма кийиш тартиби белгиланган. Асосан, муҳим кунлар олдидан ўқувчилар мактабга формада бориш бўйича огоҳлантирилади.

«Кўп ота-она фарзандига оддий кийимлар олиб беришга ҳаракат қилади. Ўқувчи устидаги либос ёрқин рангли, ёзувли ва турли суратлар чизилган бўлмаслиги керак. Рўмолга тақиқ йўқ», — деди ватандош.

Унинг айтишича, Туркияда доллар курсининг юқорилаши аҳолининг даромади ва яшаш тарзига ҳам сезиларли таъсир кўрсатмоқда. Шу сабаб айни пайтда мактабларда форма масаласида қаттиқ турилмаяпти, жиддий талаб қилинмаяпти.

Япония

Кунчиқар мамлакатнинг Фукуока шаҳрида педагоглик фаолиятини олиб борувчи Соҳибжон Абдуллаевнинг маълум қилишича, Япониядаги деярли барча давлат мактаблари — 1−6 синфларда мажбурий форма деган тартиб йўқ. Ўқувчи истаган кийимида дарсларга қатнашиши мумкин. Устидаги либосининг ранги, ёзуви ва туширилган суратларига аҳамият берилмайди, муҳокама ҳам қилинмайди.

Фото: Соҳибжон Абдуллаевнинг шахсий архивидан.

«Ўқувчи ўрта мактабга ўтгач, яъни 7 синфдан мажбурий форма кийишни бошлайди. Ҳар бир туман (шаҳар) ёки вилоят халқ таълими бошқармаларининг ўзи қабул қилган мактаб формаси бўлади. Ўша ҳудуддаги барча мактаб ўқувчилари бир хил форма кияди. Кийимлар тендерда ғолиб бўлган фирмалар томонидан махсус дизайнда тикилади ва фақат ўша фирмаларнинг савдо марказларидан ота-оналарнинг ўзи харид қилади. Ҳижобда юрадиган ўқувчилардан ҳам форма кийиши талаб қилинади», — деди у.

Таъкидланишича, ҳар бир мактабда ўша таълим муассасаси ўқувчилари учун мўлжалланган турли ўлчамдаги форма намуналари бўлади. Ўқувчилар формаларни кийиб, ўзига маъқулини танлайди ва махсус дўконлардан сотиб олади.

«Формалар нархи материал сифатига қараб турлича бўлади. Ўғлим 7 синфга ўтганида, 400−500 доллар атрофида кийим-кечак: кастюм-шим, кўйлак, оёқ кийим, ҳатто синфхонада киядиган пойабзалгача харид қилганмиз. Ҳар бир мактабда ўқувчи ва ота-оналар учун қоидалар ёзилган кичик қўлланмалар тарқатилади. Унда ўғил болалар соч ўстирмаслиги, қизларнинг зираклар тақмаслиги ва бошқа тартиблар қайд этилади. Ўқувчилар ана шу қоидаларга амал қилган ҳолда ўқийди», — деди Соҳибжон Абдуллаев.

Германия

Яна бир суҳбатдошимиз — cамарқандлик Дилбар Ғаффорова Германиянинг Марбург шаҳрида яшайди, икки нафар фарзанди давлат мактабларида таҳсил олади. Унинг айтишича, бу мамлакатда ўқувчилар учун мажбурий мактаб формаси тартиби жорий этилмаган.

«Ҳеч қандай дресс-код мавжуд эмас. Баъзида ота-оналар маслаҳатлашиб, эсдалик учун мактаб ёки синфни акс эттирувчи тасвирли ё ёзувли футболкаларга буюртма берамиз. Бир болага бошдан оёқ ўртача сифатли кийим сотиб олсангиз, 80−100 евро харажат қиласиз. Агар машҳур бренд кийимларидан харид қилсангиз, бундан ҳам кўпроқ маблағ сарфлашингиз шубҳасиз», — деди у.


Фото: hansenschule.de.

Унинг қўшимча қилишича, Германияда барча бола учун 18 ёшга тўлгунига қадар ойига 190 евро атрофида «бола пули» берилади.

«Ота-оналар шу пулдан фарзанди учун керакли нарсаларни сотиб олади. Аммо оила кам таъминланганлар тоифасида бўлса, уларга давлат қўшимча ёрдам ҳам кўрсатади. Масалан, бундай оила фарзандига мактаб ошхонасида бепул тушлик учун талонлар ёки форма тақдим этилади», — деди Дилбар Ғаффорова.

Таъкидланишича, ўқувчиларнинг рўмол ўраши, соқол қўйишига ҳеч қандай чеклов йўқ. Германияда болаларга бағрикенглик тушунчаси яхши сингдирилган, кийими, ташқи кўринишига қараб одам ажратиш, деярли учрамайди.

«Бундай эркинлик бўлиши учун яхши пойдевор шакллантирилган. Биргина мисол, ўқитувчиларнинг психологик малакаси юқори ва улар жуда уйғоқ. Ҳар бир болани кузатиб юришади, хавотирли сигналллар сезишса, дарҳол ота-оналар, ўсмирлар билан ишлаш ва ҳимоя қилиш бўйича агентликка (Jugendamt) мурожаат қилишади», деди у.

Суҳбатдошнинг сўзларига кўра, бирор ўқувчининг сочи ўсиб кетган, таралмаган, кийими тартибсиз бўлса, уйида ота-она томонидан етарли эътибор йўқлиги, эҳтимол бу оилада зўравонлик, ахлоқсиз турмуш тарзи бор деб, бонг урилади. Ёки бирор қиз рўмолга ўранган бўлса-ю, аммо синфдошларининг уйидаги тадбирларга бормаса, синф билан қилинган саёхатларга қўшилмаса, бу оилада ўта радикал қарашлар ва мажбурлаш бор, деган гумон билан оммага эълон қилинади. Агентлик бу каби оилаларни бориб ўрганади. «Қисқаси, индивидуал ёндашув бор, аммо умумий чеклов ва тақиқлар мавжуд эмас», — деди Дилбар Ғаффорова.

Ватандошнинг айтишича, форма кийиш тартиби бўлмаса ҳам, аммо синфхонада бош кийим билан ўтириш одобсизлик ҳисобланади. Ўқувчи диний рўмолдан ташқари, қолган бош кийимларни синфхонада ечиши шарт.

Финляндия

Финляндияда яшовчи Акмалжон Набиевнинг таъкидлашича, бу давлатда ўқувчилар таълим масканига хоҳлаганидек кийиниб боради, ташқи кўринишга жиддий эътибор берилмайди.

«Ўзбекистонда ҳар ўқув йили бошида ота-оналар фарзанди учун янги кийим-кечак, аниқроғи, мактаб формаси сотиб олади. Лекин Финляндияда бундай анъана йўқ, деярли барча ота-она атай янги кийимлар харид қилмайди. Ўқувчилар мактабга эркин кийиниб боради. Ҳатто уй кийимида борса ҳам биров индамайди. Чунки биринчи ўринда ташқи кўринишга эмас, боланинг яхши ўқиши ва интизомига аҳамият қаратилади. Дарсларда рўмол ўраган ҳолда ёки сочни ўстириб қатнашиш мумкин, бунга тақиқ йўқ», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, кўп синфларда ўқувчилар оёқ кийимини остонада ечиб, кейин киради. Машғулотларда яланг оёқ иштирок этиши ёки полда ўтириши ҳам мумкин


Фото: baraeva.wordpress.com

Акмалжон Набиевнинг қайд этишича, мактаб маъмурияти ота-оналардан фарзандини мавсумга мос кийинтиришни талаб қилади.

«Финляндия Шимолий мамлакат ҳисобланади. Шунинг учун қиш фаслида мактабларда конькида учиш машғулотлари ўтилади. Ота-оналар шу спорт анжомини албатта, олиб беради. Гарчи мажбурий форма тартиби йўқ бўлса-да, аммо мактаб раҳбарияти ота-онадан боласини мавсумга қараб кийинтиришини сўрайди», — деди ватандош.

Вьетнам

Вьетнамдаги ёшларга инглиз тилидан ўқитувчилик қилаётган фарғоналик Достонбек Сиддиқов эса ушбу мамлакатда боғчадан то олий таълим муассасасигача мажбурий форма йўлга қўйилганини маълум қилди.


Фото: Достонбек Сиддиқовнинг шахсий архивидан.

«Ҳар бир мактабнинг ўз формаси бўлади. Дизайни ва логотипи ҳам бошқа мактабларникидан фарқ қилади. Ота-оналар ҳар йили форма сотиб олади. Нархлар материал сифатидан келиб чиқиб, турлича баҳоланади», — деди у.

Достонбек Сиддиқовнинг таъкидлашича, бошланғич мактаб ўқувчиларининг форма нархи 18−20 доллар, ўрта синфларники 35−45 доллар, юқори синфдаги ўғил-қизларнинг формаси ўртача 60 долларни ташкил этади. Қайд қилинган маблағларга оқ кўйлак, қора костюм ва шим ҳамда жисмоний тарбия фани учун спорт кийими сотиб олинади.

Хитой

Пекин шаҳрида яшовчи Дилфуза Тожиматова Хитойдаги давлат мактаблари ўқувчилари мажбурий форма кийишини айтди.

«Ҳамма мактабнинг формаси турлича бўлиб, ҳар бирининг ўз дизайни ва ранги бор. Бир муассасанинг формаси бошқасиникига ўхшамайди. Лекин барча мактаб ўқувчисининг бош кийими сариқ рангда, бўйинбоғи эса қизил бўлиши шарт. Ҳар ўқув йили бошида ўқитувчилар ота-оналарга мактаб формаси олишни тавсия қилади. Ўқувчи ва ота-она ўзига ёққан формани онлайн платформа орқали кўриб, ўша ердан буюртма беради. Ёзги ва кузги форманинг нархи 50 доллар атрофида. Кўпчилик кийимларини икки йилда бир марта янгисига алмаштиради», — деди у.

Дилфуза Тожиматованинг қайд этишича, ўқувчилардан одатда ҳар душанба куни форма кийиш талаб қилинади. Чунки ҳафта бошида мактабларда байроқ кўтариш тадбири ўтказилади.

АҚШ

2018 йилдан буён Техас штатида 72 та мактабни бирлаштирган тизимда Олий ўқув юртлари ва касб-ҳунарга тайёрлаш йўналиши раҳбари сифатида фаолият юритаётган Мавлуда Орипованинг таъкидлашича, Америкадаги давлат мактабларининг 40 фоизи ўз формасини жорий этган, уларда ўқувчи болалар форма кийишга мажбур.


Фото: Мавлуда Орипованинг шахсий архивидан.

«Қолган 60 фоиз мактабда форма тизими йўқ, ўқувчилардан формада келиш талаб этилмайди. Аммо кийиниш борасида ўзига хос қоидалар мавжуд. Масалан, қулоғидан бошқа жойига зирак тақиши, калта шим, тиззадан баланд кўйлак, умуман, очиқ-сочиқ кийиниш мумкин эмас. Ҳар ўқув йили бошида ота-оналар шу тартиблар билан таништирилади ва қоидаларга амал қилиши ҳақида имзо қўйдириб олинади», — деди у.

Мавлуда Орипованинг айтишича, океан ортида ўқувчи ўз динига оид либосда мактабга бемалол бориши мумкин, унга ҳеч қандай қаршилик кўрсатилмайди. Масалан, мусулмон ўқувчи қизлар рўмол ўраши ёки ҳижоб кийиши мумкин.

«Форма тизими бор мактаблардаги ўқувчилар ва уларнинг ота-онаси формани афзал кўради. Чунки ягона мактаб формаси жорий қилинмаган муассасалар шу даражадаги тақиқ ва қоидаларни талаб этадики, ота-она фарзандига қандай кийимлар кийдиришга қийналиб, кўп бош қотиради. Шу боис ҳам формани маъқул, деб биладиганлар кўпайиб боряпти», — деди ватандош.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда ягона мажбурий формани киритиш таклифини илк бор 2017 йилнинг августида президент Шавкат Мирзиёев илгари сурганди. Давлат раҳбари ўқувчиларнинг бир-бирининг кийимига қараб баҳо бериши ва натижада можаролар вужудга келишига йўл қўйиб бўлмаслигини таъкидлаганди. Бироқ, ВМнинг тегишли қарори жамоатчилик томонидан жуда совуқ қабул қилинди. Вақт ўтиб, ўқувчилар учун ягона мажбурий формани 2019−2020 ўқув йилидан жорий этиш режалаштирилди, унинг намуналари 2018 йилдаёқ ҳукумат томонидан тасдиқланганди.

2019 йилнинг май ойида эса президентнинг қизи, ўша вақтда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари Саида Мирзиёева мажбурий ягона мактаб формасини жорий этишдан аввал мактаблардаги камчиликларни бартараф этиш лозимлигини айтганди. Ўша йилнинг июнида Вазирлар Маҳкамаси ягона формани жорий этиш муддатини 2024−2025 ўқув йилигача қолдирганди. Ўша вақтга келиб, кўплаб мактаблар шакл намуналарини тасдиқлашга муваффақ бўлишди ва ота-оналар уни сотиб олишди. Норозиликлар ортидан мактабларда болаларга ўзларида мавжуд бўлган формани кийишга имкон беришди. 2019 йилнинг 11 июнига келиб эса ўша вақтда халқ таълими вазири (ҳозирда АКТ вазири) Шерзод Шерматов янги ўқув йилида кутилганидек мактаб формаси мажбурий бўлмаслигини маълум қилганди. ХТВ умумтаълим мактаблари орқали ягона мактаб формаси савдосини ташкил этиш тақиқланганлигини эслатиб қўйганди.