15 август куни Ўзбекистон ҳукуматининг «Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий ягона мактаб формаси билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори имзоланди. Бу ҳақда бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов Facebook-саҳифасида маълум қилди.

Умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий ягона мактаб формаси 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб ўқувчиларнинг давлат умумий ўрта таълим муассасасига тасдиқланган шакллардаги мактаб формасида келишлари ихтиёрий, 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб эса мажбурийлиги белгиланди.

«Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси мактаб формасини ишлаб чиқарувчи ташкилотларни белгилашда уларнинг технологик жиҳатдан ишлаб чиқариш имкониятлари ва ҳудудий жойлашувини (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудида) инобатга олган ҳолда мактаб формасини ишлаб чиқарувчи ташкилотлар рўйхатини ҳудудлар бўйича шакллантиради.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси билан биргаликда мактаб формаси савдосини ташкил қилиш мақсадида республиканинг ҳар бир туман (шаҳар) марказида аҳолига қулай жойларда мактаб формасини ишлаб чиқарувчи ташкилотларнинг савдо шохобчаларини ташкил этади ҳамда уларнинг жойлашиш манзилларини оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, «Ўзстандарт» агентлиги, «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси, Халқ таълими вазирлиги мактаб формасининг белгиланган стандартларга, санитария қоидалари нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқ сифатли тўқимачилик маҳсулотларидан тайёрланиши устидан назорат ўрнатади.

Қарорда тижорат банкларига аҳолининг мактаб формаларини харид қилиши учун Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасидан ошмайдиган фоиз ставкаси бўйича қисқа муддатли (олти ойдан кам бўлмайдиган) истеъмол кредитлари ажратилиши белгиланган.