Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги 142-сонли ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида ички ишлар бошқармаси ходимлари ўқувчиларга сочлари узун бўлгани учун танбеҳ берди. Ҳолат акс этган видео 10 сентябрь куни Facebook даги «Потребитель.уз» гуруҳига жойланди.

Постда фойдаланувчилар ИИБ ходими қайчи ушлаб турган ҳолда ўқувчиларнинг сочларини олиш таклиф қилганини ёзган. Тошкент шаҳар Халқ таълими бош бошқармаси эса ота-оналардан фарзандининг мактабини танқид қилмасликларини сўради.

«Фото ва видеода мактаб директори туман ИИБ ходими билан биргаликда ўқувчиларга „Сочингизни 2 сантиметргача қисқартирмасангиз, буни ўзимиз қиламиз“ деб қўрқитаётганини аниқ кўришингиз ва эшитишингиз мумкин. Бу ҳолат қандай кўриниши уларга қизиқ эмас. Қачонгача бу тартибсизлик давом этади?» — деб сўрайди пост муаллифи.

«Сочингизни текинга калталаймиз, лекин даҳшатли қилиб. Чунки биз сартарош эмасмиз. Сочни кесамиз ва нормал кўринишда ўқишга келамиз. Агар душанба куни сочларингиз одатдаги шаклда бўлмаса, хафа бўлманг. Мени эшитдингизми?», — дея гапирган директор видеода.

Шунингдек, у кўк кўйлак кийган болага қарата форма сўраган. Ўқувчининг ҳар куни, ҳатто куни кеча ҳам жисмоний тарбия дарсида қолиб кетди, дея алдаганини, ваҳоланки эрталаб кўк кўйлакда келганини гапирган.

Сентябрь ойи бошида ҳам мактабларда ИИБ ходимлари томонидан рейдлар ўтказилаётгани, ўқувчиларнинг уяли алоқа воситалари текширилаётгани (одатда, бундай ҳолларда ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга хабар берилмайди) айтилганди. ИИББ ушбу ҳолатга муносабат билдирмаган. Гарчи қонун ҳар бир боланинг эркинлиги, шахсий ва ёзишмаларининг дахлсизлик ҳуқуқини кафолатласа-да, бу каби хабарлар мунтазам равишда учраб туради.

Расмий ташкилотларнинг муносабати

Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармасининг маълум қилишича, 142-сонли умумий ўрта таълим мактабида 10 сентябрь куни соат 08:30 ларда мактаб раҳбарияти ва вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор психологлар иштирокида ўқувчилар ўртасида «Давомат» ва «Тиғ» тадбирлари бўйича профилактик суҳбат ўтказилган.

«Профилактик тадбир жараёнида 11-синф ўқувчиси ёнида ғилофсиз ҳолда канцеллярия қайчисини олиб юргани аниқланган. Мактаб ўқувчиларига совуқ қурол, жумладан ўткир тиғли буюмларни олиб юриш тақиқлангани, канцелярия қайчисини дарсда фойдаланиш учун ғилофга солинган ҳолда сумкада олиб юриш мумкинлиги тушунтирилгани акс этган фото ижтимоий тармоқларда тарқалган. Шунингдек, профилактик суҳбат жараёнида мактаб директори томонидан ўқувчиларга мактабда кийим кийиш қоидалари, ташқи кўринишга аҳамият бериш кераклиги тушунтирилган», — дейилади хабарда.

Шунингдек, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ўз баёнотида интернет фойдаланувчиларини «одоб-ахлоққа оид суҳбат» акс этган фото ва видеоги нотўғри талқин қилганликда айблаган.

Хабарда айтилишича, суҳбат дарсдан сўнг (Тошкент шаҳар ИИББга кўра дарс олдидан) маънавият хонасида бўлиб ўтган. Унга таълим муассасаси директори М.Мараимова, маънавият-маърифат ишлари бўйича директор ўринбосари В.Хусанова ҳамда синф раҳбарлари биргаликда Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 августдаги 666-сон қарорининг 3-бобида келтирилган талабларига риоя қилмаган (одоб-аҳлоқ қоидалари, таълим даргоҳида ўзини тутиш тартибларини бузган, сочи 2−3 сантиметрдан узун бўлган) юқори синф йигитлари таклиф этилган.

Юқори синф ўқувчилари билан мактаб директори ҳамда профилактика инспектор-психологи томонидан тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилган. Шунингдек, инспектор-психолог томонидан мактабнинг юқори синф ўқувчилари орасида «Тиғ» тадбири ҳам ўтказилган.

«Афсуски, буни айрим ўқувчиларнинг ота-онаси нотўғри талқин этиб, ижтимоий тармоқларда фото ва видеоларни жойлагани маълум бўлди. Таълим муассасаларида фарзандингизнинг сабоқ олиши билан биргаликда унинг хавфсизлигини таъминлаш учун кўрилаётган бу каби чораларнинг нимаси ёмон?! Ёки бу каби тадбирларни нотўғри талқин қилиб, устоз ва педагоглар шаънига, ўз фарзанди таҳсил олаётган мактаб ҳақида салбий фикрлар уйғотишга уринишдан қандай фойда кўриш мумкин?! Агар сиз ростдан фарзандингиз тақдири, келажаги ҳақида қайғурсангиз мактаб маъмурияти ёки ўғил-қизингиз синф раҳбари билан боғлансангиз хурсанд бўлардик», — дея мурожаат қилган шаҳар халқ таълими бош бошқармаси.

Шунингдек, бошқарма соҳани ривожлантириш учун давлат томонидан яратилаётган шарт-шароитларни кўриб кўз қувнашини, таълим сифати ва самарадорлигини ошириш йўлида қилинаётган ишларда баъзи камчилик ва нуқсонлар ҳам кузатилаётганини, юксак натижаларга эса бир-икки йилда эришиб бўлмаслигини, агар ота-оналар ҳам педагоглар билан ёнма-ён туриб, таълимдан ташқари кўпроқ фарзандлар тарбияси хусусида қайғурса, айни муддао бўлишини қайд этган.

Мактаб ўқувчиларининг ташқи қўриниши қандай ҳужжатлар билан тартибга солинади?

Ўқувчиларнинг мактаб формаси ва ташқи кўринишига қўйиладиган талаблар Вазирлар Маҳкамасининг 2018-йил 15-августдаги 666-сон қарори билан тасдиқланган.

Унда айтилишича, ўғил болаларга соқол қўйиш, пирсинг ва татуировка қилиш, узун соч ўстириш (2−3 см дан ортиқ) ва уларни ёрқин рангларга бўяш тақиқланади.

Қизларга пирсинг ва татуировка қилиш, сочларини ёрқин рангларда бўяш, ёрқин бўяниш, маникюр қилиш, тирноқ ўстириш, бир нечта сирға тақиш ва бармоқларига узук тақиш тақиқланади.

Ҳужжатда, шунингдек, қоидаларни бузганлик учун жавобгарлик ҳам кўрсатилган, аммо у фақат форма кийиш билан боғлиқ ҳолатлар учунлиги айтилган. Талабларга риоя қилмаслик таълим муассасасининг ички тартиб қоидаларини бузиш ҳисобланади. Бунинг учун ўқувчи учун огоҳлантириш, кундаликка эслатма, ота-оналарни хабардор қилиш ва ота-оналар иштирокидаги йиғилишларда муҳокама қилиш кўзда тутилган.

2020-йил феврал ойида интернетда мактаб ўқувчиларининг соч узунлиги чизғич билан ўлчанадиган фотосуратлар тарқалди. Ўшанда собиқ халқ таълими вазири Шерзод Шерматов (ҳозирда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазири) ҳеч бир ҳужжатда соч узунлигини чизғич билан ўлчаш бўйича кўрсатма йўқлигини таъкидлаганди. Шунингдек, у таълим сифатини оширишга ҳам худди шундай ғайрат кўрсатишни маслаҳат берганди.