Ҳукуматнинг 19 майдаги [271-сон] қарорига мувофиқ, 2022/2023 ўқув йилидан давлат мактабларида ўқувчилар учун мактаб формаси тўлиқ жорий этилади, деб хабар берди Адлия вазирлиги.

Қайд этилишича, 2022 йил 1 июнгача ҳудудлар кесимида 2022/2023 ўқув йилида мактаб формаларига эҳтиёж аниқланади.

Кам таъминланган оилалар фарзандлари учун мактаб формаси маҳаллий бюджет ҳамда «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари» жамғармалари маблағлари ҳисобидан сотиб олинишида кўмаклашилади. 10 августдан ҳар бир туман (шаҳар)да мактаб формаси ишлаб чиқувчиларнинг савдо шохобчалари ташкил этилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалига ўқувчилар учун ягона мажбурий формани 2019−2020 ўқув йилидан жорий этиш режалаштирилганди. Унинг намуналари 2018 йилдаёқ ҳукумат томонидан тасдиқланганди.

Ягона мактаб формасини жорий этиш тўғрисидаги таклифни 2017 йил августида президент Шавкат Мирзиёев илгари сурганди. Давлат раҳбари ўқувчиларнинг бир-бирига кийимига қараб баҳо бериши ва бунинг натижасида можаролар вужудга келишига йўл қўйиб бўлмаслигини таъкидлаганди.

Бироқ, бу қарор жамоатчилик томонидан жуда совуқ қабул қилинди.

2019 йилнинг май ойида эса президентнинг қизи, ўша вақтда Ўзбекистон президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари Саида Мирзиёева мажбурий ягона мактаб формасини жорий этишдан аввал мактаблардаги камчиликларни бартараф этиш лозимлигини таъкидлаганди.

Ўша йилнинг июнида Вазирлар Маҳкамаси ягона формани жорий этиш муддатини 2024−2025 ўқув йилигача қолдирганди. Ўша вақтга келиб, кўплаб мактаблар шакл намуналарини тасдиқлашга муваффақ бўлишди ва ота-оналар уни сотиб олишди. Натижада, мактаблар болаларга ўзларида мавжуд бўлган формани кийишга имкон берди.

2019 йилнинг 11 июнига келиб эса халқ таълими вазири Шерзод Шерматов янги ўқув йилида кутилганидек мактаб формаси мажбурий бўлмаслигини маълум қилди. Ўшанда ХТВ умумтаълим мактаблари орқали ягона мактаб формаси савдосини ташкил этиш тақиқланганлигини эслатиб қўйганди.

Ягона мактаб формасининг намунаси