Мактаблардаги мавжуд камчиликларни тузатмай туриб, мажбурий форма талаб қилинишига ҳали эрта, деб ҳисоблайди Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари Саида Мирзиёева.

У Ўзбекистон президентининг бешта ташаббусини, энг аввало, мактаблардан бошлаш ғояси илгари сурилганини эслатиб ўтди.

«Ўтказилган ўрганишлар натижасида, айрим жойларда шароит оғир эканлиги, кўплаб мактаблар таъмирталаб, ўқув дарсликларининг етишмаслиги, китоблар сифати жуда паст эканлиги, айрим мактабларда дарслар уч сменада ўтилишини кўрдик. Бу йилдан бошлаб мажбурий ягона мактаб формаси жорий этилиши режалаштирилган. Лекин мавжуд камчиликларни тузатмай туриб, мажбурий форма талаб қилинишига ҳали эрта деб ўйлаймиз», — деди Саида Мирзиёева.

«Қисқасини айтганда — олдин шароит, кейин талаб», — дея қўшимча қилди у.

Агентлик директори ўринбосари «издан чиққан таълим тизимини тузатиш жуда катта маблағ, бир неча йил вақт ва илмий ёндашувни талаб қилишини» таъкидлаб ўтди. Бу йўлда хатолар ҳам бўлиши мумкин, чунки бу жараён. Бироқ ҳозир шу ишларни бошламасак, эртага масала янада мураккаблашади.

«Хуллас, бу йўлда барчамиз ҳамжиҳат бўлиб ҳаракат қилишимиз керак. Мутассади вазирлик ва идоралар мутахассислари томонидан юқоридаги масалалар юзасидан Ҳукуматга тегишли таклифлар киритилди», — деб ёзди Саида Мирзиёева.

Эслатиб ўтамиз, 2019−2020 ўқув йилидан, ҳукумат қарорига кўра, мажбурий ягона мактаб формаси жорий этилади. Мактаб формаси нархлари ишлаб чиқарувчилар томонидан эркин бозор муносабатлари асосида белгиланади.