Ўзбекистон халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Daryo нашрига берган интервьюсида янги ўқув йилидан мактаб формаси мажбурий бўлмаслигини маълум қилди. Яқин вақтларда ҳукуматнинг шу ҳақдаги қарори қабул қилиниши кутилмоқда.

«Формани жуда кўп муҳокома қилса бўлади. Ижобий томонини ҳам, салбий томонини ҳам. Лекин, шошилиш керак эмас. Бизда озгина шошиш бўлаяпти. Мактаб формаси ўтган йили мажбурий эмас, ихтиёрий бўлди. Янги ўқув йилида мажбурий қилсак, шошилиш бўлиб қолади», — деди вазир.

Унинг сўзларига кўра, 1−11-синф ўқувчиларининг мактаб формасини тикиш жуда катта ҳажмни ташкил қилиб, Ўзбекистон тўқимачилик саноати бу вазифани уддалай олишига ҳам саволлар бор.

«Ҳозир биз Вазирлар Маҳкамасига қўшимча таклиф тайёрлаяпмиз. Чиққан қарорга ўзгартириш киритиш. Ота-оналар ташвишланмаса бўлади, яқин орада қарор чиқади. Янги ўқув йилидан мактаб формаси мажбурий бўлмайди. Мактаб формаси босқичма-босқич жорий қилинади», — деди Шерзод Шерматов.

Ягона мактаб формасини жорий этиш тўғрисидаги таклифни 2017 йил августида президент Шавкат Мирзиёев илгари сурган эди. У ўқувчиларнинг бир-бирига кийимига қараб баҳо бериши ва бунинг натижасида можаролар вужудга келишига йўл қўйиб бўлмаслигини таъкидлади.

Орадан бир йил ўтиб, ҳукумат қарори билан мактаб формалари намуналари тасдиқланиб, 2019/2020 ўқув йилидан мажбурий жорий этилиши белгиланди.

Май ойида эса президентнинг қизи, Ўзбекистон президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари Саида Мирзиёева мажбурий ягона мактаб формасини жорий этишдан аввал мактаблардаги камчиликларни бартараф этиш лозимлигини таъкидлади.