Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов чоршанба куни бўлиб ўтган брифингда янги ўқув йилидан бошлаб ягона мактаб формаси мажбурий бўлмаслигини айтди.

Унга кўра, мослашув жараёни учун маълум вақт кераклигини инобатга олиб, ягона мактаб формаси 2025 йилга қадар босқичма-босқич жорий этиб борилади.

«Янги ўқув йили 2022 йил сентябрь ойидан бошлаб ота-оналар ягона формани харид қилишига мажбурий талаб қўйилмайди ва мактабга ягона формада келмаган ўқувчиларга нисбатан ҳеч қандай эътирозлар билдирилмайди», — деди у.

Мактаб формасини айнан бирор тадбиркордан/корхонадан харид қилиш бўйича мактаб маъмурияти мажбур этолмайди ва бундай ҳолатга йўл қўйилмайди.

Шунингдек, вазирлик мактабларда ўқитувчилар учун ягона форма талаби жорий этилмаганлигини ҳам маълум қилди.

«Ижтимоий тармоқларда жорий ўқув йилидан бошлаб ўқитувчилар учун ҳам ягона форма жорий этилаётганлиги ҳақида ҳеч қандай асосга эга бўлмаган маълумотлар тарқалмоқда. Халқ таълими вазирлиги томонидан ўқитувчилар учун бундай талаб жорий этилмаганлигини, бу оддий „фейк“ хабар эканлигини қатъий таъкидлаб ўтмоқчиман», — деди Бахтиёр Саидов.

Қолаверса, ўқувчи-қизларга мактабга очиқ рангдаги миллий рўмолни бошнинг орқа томонидан ўраган ҳолда келишлари ман этилмайди. Шунингдек, юбка ва кофта енгларининг узунлиги борасида ҳам айрим тушунмовчиликлар бўлмоқда, дея таъкидлади вазир.

Унинг сўзларига кўра, мактаб формаси учун тасдиқланган ўлчамларда энг минимал узунлик белгиланган. Яъни ўқувчи-қизларнинг юбка ва кофта енгларининг узунлигини узайтиришга рухсат берилади, аммо белгиланган ўлчамдан калта бўлиши мумкин эмас.

Шунингдек, ҳокимликлар томонидан кам таъминланган оилаларга маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳамда «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари» жамғармалари маблағлари ҳисобидан мактаб формасини сотиб олинишига кўмак берилиши қайд этилди.