3−5 сентябрь кунлари бир гуруҳ халқаро молиявий фирибгарлар InfinBank`дан хакерлик йўли билан пул ўғрилади. Бу хақда банк матбуот хизмати расмий муносабат билдирди.

Унга кўра, номаълум шахслар хорижда жойлашган фиктив мерчант хизматларидан InfinBank`да ўзларининг жиноий шерикларининг номига очилган Visa пластик карталарига валюта маблағларини ўтказишга уринган. Улар пулларни шу куннинг ўзида банкомат тизимларида нақдлаштириш, бошқа банкларнинг мобил иловалари, Humo ва Uzcard тизимида очилган карталар воситасида ўзлаштирган.

Ҳозирда жиноий гуруҳнинг аъзолари аниқланган. Гумонланувчилар қўлга олинган. Ички ишлар органлари билан ҳамкорликда суриштирув ва тергов ҳаракатлари кетяпти.

«Ноқонуний ишлатилган ва ўзлаштирилган маблағларнинг бир қисми ундирилди ва қолган қисмини ундириш ҳаракатлари амалга оширилмоқда», — дейилади хабарда. Ижтимоий тармоқларда ўғриланган сумма 2 млн доллар атрофида экани айтилди, бироқ, банк бу хабарни ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилди.

Суриштирув, тергов ва ундирув ҳаракатлари якуни бўйича қўшимча маълумот ва ахборотлар берилиши айтилмоқда.