Ижтимоий тармоқларда «Миллий тикланиш» демократик партияси томонидан 585 пробали соф олтиндан ясалган кўкрак нишони таъсис этилиб, эгаларига тарқатилаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Янгилик тармоқларда кенг жамоатчилик муҳокамасида бўлганидан сўнг, партия раиси Алишер Қодиров тилла нишон юзасидан изоҳ берди.

Хусусан, блогер Никита Макаренко нишон кимларга берилишига қизиқди, суратни унга айнан партия аъзолари юборишганини таъкидлади.


Шунингдек, блогер Умид Гафуров эса ўзининг Telegram каналида «бир томонда инсонлар маҳалласига сув ўтказиш учун овоз йиғяпти, иккинчи томонда партиялар тилла буюмлар ясатяпти», дея пост ёзди. Партия раиси Алишер Қодировга бир неча саволлар ёзиб қолдирди.


Бундан ташқари, Telegram’даги Kompramatuzb каналида «шунга сарфланган пулларни ишлатишга бошқа масала топа олишмаган, шекилли?! Боши билан ўйласа керак а шулар ҳам?», дея изоҳ қолдирилди.


Алишер Қодировнинг айтишича, партияда яхши ишлаган маҳаллий кенгаш депутатларини рағбатлантириш тизими мавжуд. Мазкур нишон ҳам айни шу мақсадда Тошкент шаҳар кенгаши хомийлик маблағи ҳисобига ясаттирилган.

«Ташаккурнома билан бирга қимматбаҳо совға ҳам берамиз, қўл соати, телефон, ноутбук…Масалан, Қорақалпоғистоннинг Шуманай ва Кегейли туманларида депутатларимиз Улжан Раважова ва Миргул Байдуллаева тартибсизликларда тасодифан аралашиб қолган ва терговга яқиндан ёрдам берган фуқароларни қамоқдан чиқариш ва уларни кейинги ишларига кўмак беришдаги фаоллиги учун ташаккурнома ва 1 млн сўмдан пул мукофоти бердик. Барча ҳудудий партия ташкилотларига хомийлик маблағлари ҳисобидан фаол маҳаллий депутатларни мунтазам рағбатлантириб бориш тавсия қилинган», — деб ёзади депутат.

Унинг сўзларига кўра, «маҳаллий кенгаш депутати ойлик олмайди, уларга берилган имтиёзлар ҳам ҳаминқадар, лекин иши жуда оғир, кўп ва конфликтларга тўла».

Шунингдек, у шаҳар партия ташкилотининг қарорига асосан бир йилда бир марта, энг фидойи туман кенгаши депутатини тақдирлаш тизимини йўлга қўйилганини, тилла нишон эса рағбатлантиришда ўзига хос ёндашув эканини қайд этди.

«Биринчи нишон Чилонзор тумани депутати Санжар Имомовга берилибди. Коллегиал қарор. Маълумот берилишича, нишон 2 миллион сўм хомийлик маблағига ясатилган. Фидойи маҳаллий кенгаш депутати бундан кўпига муносиб деб ўйлайман», — деди у.

Бундан ташқари, Алишер Қодиров партия халқ пулини совураётгани ва ҳеч нима қилмаётгани айтилган хабарларга ҳам изоҳ берди. У айрим блогер «дўстлар» тилла пиар ёки пуллик хабарлардан ортиб, жуда қиммат чорак диққатини партиялар фаолиятини ёритишга ажратганига ва қора пиар қилинганига ташаккур билдирди.

«Партия сайловолди дастурининг ижроси бўйича мунтазам жамоатчиликка ҳисобот бериб боради. Айрим блогер „дўстлар“ тилла пиар ёки пуллик хабарлардан ортиб, жуда қиммат чорак диққатини партиялар фаолиятини ёритишга ажратганида ўзлари ҳам, жамоатчилик ҳам партиялар ҳақида саҳифаларидаги тор доиранинг фикридан кўпроқ маълумотга эга бўлиб, сиёсий партияларнинг хайрихоҳлари ҳам кўпайган бўлур эди. Қора пиар ҳам фойдали пиар, фақат текин. Бизни қора пиарчиларимиз гоҳида бизга шундай ёрдам бериб туришади, ташаккур», — деб ёзади партия раиси.