Сенат раиси Танзила Нарбаева соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Эльмира Баситхановага танбеҳ берди. Бу Сенатнинг 32 мажлисида молия вазири Тимур Ишметовнинг давлат бюджетининг 2022 йил биринчи ярим йилликдаги ижроси юзасидан ҳисоботи вақтида юз берди.

Гап шундаки, юқори палата аъзоси Манзура Салимова чала туғилган чақалоқлар учун зарур дори воситалари қамрови камлиги юзасидан савол билан юзланди.

Сенаторнинг сўзларига кўра, 2022 йилнинг биринчи ярим йиллигида репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш, оналар ва болалар соғлиги учун йўналтирилган маблағлар миқдори 4,3 млрд сўмни ташкил қилган. Бугунги кунга келиб, бир йилда 900 мингдан ортиқ чақалоқ туғиляпти.

Ушбу олти ойлик муддатда 900 минг чақалоқнинг ярми ҳисобга олинадиган бўлса, чақалоқларда геморагик касалликлар, яъни қон кетишини олдини олишга таъсир кўрсатувчи Витамин К дори воситаси билан қамраб олиш 50 фоизни ташкил қилмоқда, деди у.


«Шу билан биргаликда, чалалик — эрта туғилиш билан боғлиқ бўлган чақалоқларимизнинг яшаб кетиш омилига таъсир қилувчи „Сурфактант“ дори воситаси бор. Ушбу дори воситаси ҳам 6 ойлик муддатда эҳтиёжимизнинг 10 фоизинигина қамраб оляпти, ҳолос. Умуман олганда, иккала дори воситаси ҳам чақалоқларнинг ҳаётини сақлаш учун зарур дори восита ҳисобланади ва улар ўлимнинг олдини олишга самар беради. Ушбу дорилар билан узлкусиз таъминланиш чора-тадбирлари бўйича қандай фикрлари бор?», — дея савол билан юзланди сенатор.

Ушбу саволга соғлиқни сақлаш вазир ўринбосари Эльмира Баситханова жавоб бериб, юқорида саналган дори воситаларининг Ўзбекистонга келтирилиши ҳақида маълумот берган.

«Тўғри, чала ва паталогия билан туғилган чақалоқларга Витамин К ва Сурфактант дори воситасининг зарур эканлиги давлатимиз раҳбари олдида ҳам айтилган ва бу борада ҳар йили маблағ ажратиш тўғрисида топшириқлар ҳам берилган. 2022 йилнинг 13 январь куни 9 мингта қадоқ Витамин К учун 855 миллион маблағ ажратилган. 18 январь куни 31 минг қадоқ учун 2 млрд 960 млн сўм ажратилган ва ҳарид қилинган. Сурфактант бўйича 2021 йил 21 декабрь куни 1396 та қадоқ учун 6 млрд 142 млн сўм, 2022 йил 11 январда 304 та қадоқ учун 1 млрд 337 млн сўм ва 2022 йил сентябрь ойида 1700 та қадоқ учун шартнома тузилди ва бу шартнома бўйича 194 та қадоқ ҳарид қилиниб, шифохоналарга тарқатилди. Узлуксизликни таъминлаш учун бу борада биз барча чораларни кўряпмиз», — деди у.

Эльмира Баситханова.

Бироқ, Сенат раиси Танзила Нарбаева сенаторнинг аниқ факт келтирганини, эҳтиёжнинг 10 фоиз қамраб олинаётганини етарли деб бўлмаслиги таъкидлаб, вазир ўринбосаридан мазкур масала ўрганилган ёки йўқлигини сўради.

Эльмира Баситханова эса қуйидагича жавоб берди: «10 фоиз деб рақам қаердан олингани таҳлил қилиниб, жавоб берилади».

Шундан сўнг, Танзила Нарбаева юқори палатага фақатгина аниқлаштиришган рақамлар олиб чиқилишини айтиб, ССВ вакилига танбеҳ берди.

«Бу аудиторияга ҳаммаси таҳлил қилинган, текширилган рақамлар олиб чиқилади. Рақамларни нотўғри дейиш умуман мумкин эмас. Қаердан олдинглар (киноя оҳангида)? Олдинги сессияларда ҳам рақамлар нотўғри деган бир-иккитаси бўлганди. Кейин ҳамма рақамлар қанчалик тўғри эканини кўрсатдик. Унақа гап бўлиши керак эмас. Менимча, Молия вазирлиги — чақалоқлар ва оналар ўлимларининг олдини олиш бўйича ҳеч қанақанги эътироз бўлмаслиги керак, иқтисод қилинган маблағлардан бўлса ҳам бериш керак. 10 фоиз дегани бу иш эмас», — дея таъкидлади Сенат раиси.


Молия вазири Тимур Эшметов бу ерда вазирлик томонидан ажратилган маблағлар охиригача ўзлаштирилмаганини, айрим дориларни сотиб олишда, етказиб келишда муаммолар борлигини қайд этди. Шу аснода у вазирлик билан бирга сенаторга ҳам қўшимча маълумотни тақдим этилишини маълум қилди.

«Маблағ ажратилади, лекин ўзлаштириш аҳволи қониқарсиз. Демак, бу ерда вазирлик ва унинг ҳудудий бўлинмалари ишлаши керак бўлади. Бор маблағни ҳам ўзлаштирмаса, чақалоқлар ўлиб кетади. Биз Сенатда оналар ва болалар саломатлиги нуқтаи назардан алоҳида ишчи гуруҳ тузяпмиз. Ҳозир чақалоқлар ўлими кўпаяётганлиги, оналар ўлимининг олдини олиш ишлари қай аҳволда эканлиги бўйича сенатда алоҳида ишчи гуруҳ тузиб, уни алоҳида ўрганамиз, керак бўлса, Сенатнинг ялпи мажлисига олиб чиқамиз.», — дея танқид қилди Сенат раиси.