Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги пенсия ва нафақа олувчилар ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар учун 15 сентябрдан темир йўл ва авиайўловчилар чипталари учун 50 фоизлик имтиёзли тарифлар тақдим этилади.

Бу президентнинг 31 августдаги Қорақалпоғистон Реcпубликасида аҳоли фаровонлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисидаги фармонида қайд этилган.

Йўловчи ташувчи компанияларнинг ушбу имтиёз тақдим қилиш билан боғлиқ харажатлари республика бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.

Транспорт вазирлигига Молия вазирлиги, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ва резидент авиакомпаниялар билан биргаликда бир ой муддатда йўловчиларнинг тегишли тоифалари учун махсус тарифларни тасдиқлаш топширилди.

Эслатиб ўтамиз, 2017−2021 йилларда Оролбўйи ҳудудини ривожлантириш давлат дастурига мувофиқ, аввал ҳам Қорақалпоғистон ва Нукус аҳолисининг айрим қатламига «Нукус — Тошкент — Нукус» ва «Урганч — Тошкент — Урганч» йўналишидаги авиақатновлар учун 50 фоизлик чегирма берилганди.