Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ижтимоий тармоқларда тарқалган йўл-патрул хизмати инспектори ҳайдовчини ҳақорат қилаётган ҳолати акс этган видеотасвир юзасидан муносабат билдирди.

Тармоқларда тарқалган 17 секундлик видеодан ходим ҳайдовчини куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилгани, «қўрқмасдан суратга олиши» мумкинлигини таъкидлагани тасвирланган.

Маълум қилинишича, ушбу ҳолат 25 апрель куни Бувайда туманида содир бўлган. ЙПХ инспектори А.К ва «Spark» автомобили ҳайдовчиси ўртасида ўзаро жанжал юзага келган. Ҳайдовчи М.Қ.нинг Фарғона вилояти ИИБ бошлиғи номига қилган аризасига асосан ходимга нисбатан хизмат текшируви ўтказилган.

Текширув якунига кўра, ЙПХ инспектори сафдор А.К. 8 май кунги Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг буйруғига асосан эгаллаб турган лавозимида озод этилган.