28 август куни Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг HY-201 рейси бўйича Тошкент-Лондон йўналишида учаётган йўловчиларнинг юклари манзилига етказилмасдан, Тошкентда қолиб кетган. Бу ҳақда рейс йўловчилари хабар беришди.

Uzbekistan Airways матбуот хизмати ҳодиса юзасидан муносабат билдирар экан, Airbus 320neo самолётининг «Чекланган тижорат юкланиши» сабаб бўлганини маълум қилди.

«Бортга юкланмаган юкларнинг умумий сони 119 ўринни ташкил этади, бу эса 2210 кг миқдорида бўлганлигини англатади», -дейилади хабарда. Самолёт 150 йўловчи ўрнига эга.

«Айни пайтда HY-201 рейси йўловчиларининг юклари Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида жойлашган бўлиб, 30 август куни HY-201 рейси билан Лондонга етказилади», — дея маълум қилди компания.

Юклар барча йўловчиларга етказиб бериш хизмати томонидан кўрсатилган манзилга бепул етказиб берилади.